Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бепул онлайн таълим олиш учун жаҳоннинг энг яхши 7 та веб-сайти

Бепул онлайн таълим олиш учун жаҳоннинг энг яхши 7 та веб-сайти

Фото: Khan Academy

«Khan Academy Oʻzbek» жамоаси энг яхши бепул онлайн таълим сайтлари ҳақидаги мақолани тақдим этди.

Жаҳон стандартларига мос келадиган даражада билим олиш учун Кембриж ёки Ҳарвардда ўқиган бўлишингиз шарт эмас.

Анъанавий таълим масканларидан нарх жиҳатидан сезиларли устунликка эга бўлган кўплаб онлайн таълим веб-сайтлари мавжуд. Бу турдаги таълим етказувчилар, айниқса, умри давомида билим олишдан тўхтамайдиганлар учун жуда қулай.

Қуйида келтирилган онлайн таълимни тақдим этувчи веб-сайтлар талабалар билан бир қаторда умри давомида билим олишдан тўхтамайдиган ўрганувчилар учун ҳам минглаб онлайн курслар тақдим этади.

Бу курсларнинг аксарияти пулли бўлса-да, улар орасида бепул курслар ҳам талайгина.

1. Khan Academy

Khan Academy нотижорат ташкилот бўлиб, унинг мақсади «Ҳамма учун ва ҳар ерда бепул таълим олиш имконини яратиш»дир. Khan Academy мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим муассасалари талабалари учун математика, грамматика, физика, тарих, махсус кириш имтиҳони (SAT) ва шу каби йўналишларни қамраб олган яна кўплаб онлайн курс материалларини таклиф этади.

Khan Academy`нинг молиявий ҳамкорлари қаторида Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси, Google, Анн ва Жон Доэр ҳамда Рид Хастингс кабилар бор.

Бепул намунавий курслар:

  • Алгебра; Геометрия; Статистика ва эҳтимоллик.

2. edX

edX Ҳарвард ва Массачусетс технологиялар институти томонидан яратилган глобал нотижорат ташкилот бўлиб, анъанавий таълимдаги учта тўсиқни: нарх, жойлашув ва қабул қилинишни йўқ қилишга интилади.

edX 20 миллиондан ортиқ ўрганувчи ва дунёнинг энг таниқли университетларининг 2 400 га яқин курсларига эга. Open edX — бу edX асосидаги очиқ платформадаги манба бўлиб, янги ўқув воситаларини ишлаб чиқишни истаган ўқитувчилар ва технолог, шунингдек, бошқа ўрганувчилар учун мўлжалланган. Ушбу сайтда бепул курслар билан бир қаторда пуллик курслар ҳам таклиф этилади.

Бепул намунавий курслар:

  • Архитектура асослари (Ҳарвард); Қарор қабул қилиш учун молиявий таҳлил (Бабсон); Омниханнел стратегияси ва менежменти (Дартмут).

3. Coursera

Coursera 35 миллиондан ортиқ ўрганувчи, 150 та ҳамкор университет, 2 700 та курс ва 250 турдаги мутахассислик соҳаларига эга бўлиб, тўрт хил илмий даража тақдим этувчи онлайн таълим сайтидир. Бепул курслардан ташқари, Coursera нархи 29 дан 99 долларгача бўлган курсларни ҳам таклиф этади. Мутахассислик ва даража тақдим этувчи курслар, шубҳасиз, юқорироқ баҳоланади. Ушбу курслар дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан олиб борилади. Курслар ёзиб олинган видео-маърузалар, муҳокама форумлари, баҳоланган ва кўриб чиқилган курс ишларидан таркиб топган. Шунингдек, ҳар бир курс сўнгида курсни тамомлаганингиз тўғрисидаги сертификатга эга бўлишингиз мумкин.

Бепул намунавий курслар:

  • Компютерлаштирилган таълим (Стенфорд); Бой бўлиш сирлари (Йель); Муваффақиятли музокаралар (Мичиган университети).

4. Udemy

Глобал таълим бозори ҳисобланган Udemy 30 миллион ўрганувчи, 50 тилда тақдим этилаётган 100 000 та курс, 42 000 та ўқитувчи ва 22 миллион дақиқалик видеодарслар жамланмасидир. Олий таълим муассасалари томонидан бошқариладиган бошқа онлайн таълим платформаларидан фарқли ўлароқ, Udemy контент яратувчиларга ўз курсларини назорат қилиш ва онлайн дарс бериш имконини беради.

Бепул намунавий курслар:

  • Python дастурлаш тили асослари

5. TED-Ed

TED-Ed — TEDнинг ёшлар ва таълим соҳасидаги олқишларга сазовор бўлган лойиҳаси бўлиб, унинг мақсади ўқитувчилар ва ўрганувчиларнинг ғояларини бўлишиш ва фикр алмашишдир. TED-Ed бир ҳафтада дунё бўйлаб миллионлаб ўқитувчи ва ўрганувчиларга хизмат кўрсатадиган 250 000 дан ортиқ ўқитувчиларни бирлаштирган глобал жамият ҳисобланади. TED-Ed ўзига хос анимацион видеолар ва ўқитувчилар учун интерфаол дарсларни ташкил қилиш платформаси каби инновацион тузилмани ҳам ўз ичига олади.

Бепул намунавий курслар:

  • Оғриқ тушунчаси; Ўзини-ўзи бошқарувчи машиналарни яратиш; Турғунлик сабаблари.

6. Codeacademy

Codeacademy — бу турли хил дастурлаш тилларини ўргатувчи интерфаол платформадир. Кўпгина бепул курсларни 11 соатдан кам вақтда тугатиш мумкин. Codeacademy веб дастурлаш, дастурлаш, информатика ва маълумотлар билан ишлаш каби мавзуларда 45 миллиондан ортиқ талабаларни тайёрлашга ёрдам берди. Codeacademy битирувчилари Google, Facebook, IBM, Bloomberg ва бошқа етакчи компанияларда фаолият олиб боришади. Шунингдек, Codeacademy ойлик тўлов учун имтиёзлар ҳам таклиф этади.

Бепул намунавий курслар:

  • Турли дастурлаш тиллари

7. Stanford Online

Stanford Online Стенфорд университетидаги онлайн таълим билан бир қаторда профессионал сертификатлар, илмий даражалар ва бизнесга оид таълим курсларини таклиф қилади. Stanford Online Стенфорд университети, Стенфорд юридик мактаби, Стенфорд бизнес мактаби ва Стенфорд тиббиёт мактабининг бакалавр ва магистрлик даражаси курсларини таклиф этади.

Бепул намунавий курслар:

  • Инновациялар ва тадбиркорлик билан танишиш; Венчур сармояси асосида тадбиркорлик; Математикани ўрганиш.

Билимингизни бойитишни истасангиз, ҳеч қачон кеч эмас. Ушбу онлайн таълим курслари сизга сертификат, диплом олиш билан биргаликда, дунёқарашингизни кенгайтириш ва қимматли билимларни эгаллашингизда яқиндан ёрдам беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг