«Беморлар кўзида чириш кузатилмоқда» — Шифокор коронавирусдан кейин кўз касалликлари ортиб кетганини айтди (видео)
Сўнги бир йилда коронавирусга чалинган беморлар даволаниб чиққанидан сўнг вируснинг асоратлари кўзнинг хиралашишига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда «Кўз нури» клиникаси офтальмологи Ҳикматулло Содиқов YouTube’даги «Шифобахш» каналига берган интервьюсида маълум қилди.
Шифокорнинг таъкидлашича, беморларнинг қарийб 70 фоизи узоқни кўриш хиралиги, кечқурун қоронғида кўришнинг пасайиши билан шикоят қилмоқда.
«Бундай беморларнинг кўзи текширувдан ўтказилганда шиллиқ қаватида қизаришлар, кўзнинг олд камерасида, гавҳарида, шишасимон танасида ва тўр пардасида вирус асоратлари туфайли салбий ўзгаришлар кузатилмоқда», – дейди офтальмолог.
Таъкидланишича, вирусли касалликларни даволашда бемор қонида антитаначалар аниқланса, кўз ҳолати яхши бўлса, маҳаллий даволаш усуллари қўлланилади.
«Агар инфекция кўзнинг орқа томонига ўтган бўлса, кўпинча қайта тикланмас нерв қуриши кузатилади. Кўзни ички томони яхши бўлишидан қатъи назар, бемор яхши кўрмайди. Кўпинча инфекция кўзнинг ички қисмига тарқаб кетади ва оқибатда кўзни олиб ташлашга тўғри келади. Кўзни олиб ташлаб, ўрнига сунъий кўз қўйилади. Афсуски, баъзи ҳолатларда сунъий кўз қўйиб ҳам бўлмайди. Сабаби вирус таъсирида кўзнинг шиллиқ қавати, суяк тўқималари никрозга учраб, чириб кетган бўлади.
Вирусли касалликлар билан бундай оғир ҳолатлар аввал кам учрар эди. Ҳозирги кунда бизни клиникага ҳафтасига битта шундай касалликка чалинган бемор келмоқда. Одатда беморлардан кўз хиралашиши нимадан бошлангани сўралганда «Аввал кўришим зўр бўлган, коронавирус касаллигидан кейин ҳафта, ой ўтгандан кейин кўришим хиралашганини сеза бошладим», деб жавоб беради. Бемор бундай дардга чалинганда биринчи галда кўзда ачишиш, ёшланиш ва кўзнинг секин-секин хиралашишини сезади. Кузатишларимга кўра, коронавирусга чалинган беморларнинг 10-20 тасидан битта ҳолатда шундай кўз касаллик учрамоқда.
Бошқа вирусли касалликлардан фарқли равишда COVID-19 да инфекция тез ривожланади. Масалан, кўз томографиядан ўтказилганда кўзнинг ёнбош қисмлари, бурун ёнбош бўшлиқларида, синусларда инфекция кўпайиб кетади, яъни тромб тиқилиб, кўз ён бўшлиқлари зарарланади. Бошқа вирусли касалликларда кўзнинг орқа ва ён томони зарарланиши кам кузатилади, кўзнинг битта қисми зарарланади холос», — дейди Ҳикматулло Содиқов.
Шифокорнинг огоҳлантиришича, ҳар бир коронавирусга чалинган бемор 6 ойда бир маротаба кўз шифокори кўригидан ўтиб туриши керак. Баъзан вирус битта кўзга ўзгариш бериб, биттасига эса таъсир қилмаган бўлиши мумкин. Шундан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter