Беҳзод Мусаев ҳамда Ёшинори Фужияма муҳим ҳужжатни имзолади
Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган лойиҳа бўйича Алмашув нотасини имзолади. Лойиҳа доирасида мазкур тиббий муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион АҚШ доллари) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширган Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги инновацион клиника минтақада тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда кадрлар тайёрлашни такомиллаштириши кўзда тутилган. Айни чоқда муассасада замонавий тиббий жиҳозларга талаб мавжуд. Япония томонидан тақдим этиладиган юқори сифатли тиббиёт ускуналари эса ташхис ҳамда даволашда илғор услуб ва технологияларни жорий этишга кўмаклашиши кутилмоқда. Айни чоқда, мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон тиббиёт муассасалари кадрлар салоҳиятини оширишга йўналтирилган.
Аввал хабар берганимиздек, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Ўзбекистонда «Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш» лойиҳасига ҳам 490 минг доллар ажратмоқда.
Халқаро агентлик Ўзбекистонга иқтисодий инфратузилмани такомиллаштириш, хусусий сектор равнақига кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ислоҳотлар каби йўналишларда ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter