Бахтсизлик ҳаётингизга қандай қилиб кириб келади?
Баъзида одам ўзини тўхтата билиши керак. Орзу-истаклари ортидан худбинларча чопиб, яқинларини музтар аҳволга солиб, бадавлат кишилардек яшаш истаги билан қоврилиб, умрини ўтказиб юбориши мумкин. Инсон умр пиллапояларига сакраб чиқолмайди, битта-битта қадам ташлаб кўтарилади. Бир сакраб, икки сакраб жарга қулайсиз. Сакраманг кўп.
Бир пайтлар, айни йигит ёшимда буёғига пул топиш керакми, ўқиш керакми, деган изтиробли саволга ҳар куни тўқнаш келардим. 2000 йиллар, одамлар оч, бутун қишлоқ болалари машоқ тергани далага югурган, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб чет элга ишлашга отланган кунлар эди. Қандайдир бир-икки йилда қишлоқдан файз кетди, одамлар камайиб қолди, эркак зоти борки, ишлагани кетди қайларгадир. Тунлари чироқ йўқ, чорвадан барака кетган, бир парча ер бўлса ҳам аввало, буғдой экилган, қишлоқдан маҳзун-маҳзун хатлар келади почтадан, тўйга борсанг, ҳар қадамда камбағаллик, етишмовчилик сезилиб туради, эҳ, айтаверса, гап кўп... Ўшанда устозларимиз: «Бу кунлар ўтиб кетади, билимли болалар керак Ватанга, сизларда талант бор, талант – халқ мулки. Халқ бугун ўз талантли болаларини хор қилиб қўйса, эртамиз, индинимиз нима бўлади, ўқинг», деб қатъий буюрган.
Қатъиятда гап кўп
Ана ўша пайтларда ҳақиқатда ўқиган, катта шаҳарлардаги катта кутубхоналарга кириб, ўз устида ишлашга матонати етган болалар бугун давлатни янги босқичга олиб чиқишда фаол иштирок этяпти, мен сизга айтсам. Қийинчиликлар қаршисида довдираб, бир кунлик режалар тузиб, ҳузур-ҳаловатни тор маънодагина тушуниб, бу худойимнинг ҳовлисида чўчқадек яшаб ўтиб кетиш – мана бу катта бахтсизлик.
Ҳузурланиш ҳақида
Сиз агар яхши овқат, яхши кино, яхши кийим, яхши шароит билан бахтиёр яшаётган бўлсангиз, манқуртдан озгина фарқ қиласиз холос. Истеъмолчи, инсоният яратган неъматларнинг худбин меросхўрисиз холос. Сизда жамиятни ривожлантириш истаги йўқ, ишга новаторона ёндашмайсиз, қандайдир йўллар билан топган капиталингизни қандай тасарруф қилишни ҳам билмайсиз. Бизнес ҳақида фикрингиз 4 та товуқ, 2 та мол қилиб кўпайтиришдан иборат холос. Сиз ҳузурланиш деганда, Паганини, Бетховен, Шопен мусиқалари; Мопассан, Достоевкий, Толстой, Қодирий романлари; Гегель, Кант, Эйнштейн, Мамардашвили, Адам Смитнинг таҳлилий фикрлаш оқимини назарда тутмайсиз. Бунга қобил эмассиз. Сиз учун бу олам тоғорадан сал каттароқ бир нарса, унда маза қилиб, кайф қилиб яшаш керак.
Сиз ортингиздан қандай инсонлар қолдирасиз бунақада? Сизнинг ҳозирги ҳаёт тарзингиз маданиятли қуллик холос. Бойлик сизга қачон келади, биласизми? Қачонки, сиз уни ишлатишни, тўғри сарфлашни ўрганганингизда келади! Бадавлат одамларнинг теран фикри, жамиятни яхшилаш истаги, уйида каттагина кутубхонаси бўлади. Маърифатсиз – бойлик йўқ. Меҳнат қилиб ишлаб топилмаган пулда барака бўлмайди. Шубҳали бизнес схемалардан эҳтиёт бўлиш керак.
Амирсаид Мирзо
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter