Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бахтиёр исмли корейс бола ҳикояси

Бахтиёр исмли корейс бола ҳикояси

Бу синфга илк бора кирган муаллима парталарда қўлларини устма-уст қўйганча ўзига тикилиб турган ўғил-қизларнинг ҳар бирини синчковлик билан кузатди. «Ажойиб болалар экан» деган фикр хаёлидан ўтди. Беғуборликлари юз-кўзларида шундоққина акс этиб турибди. Мактаб формаси, китоб, дафтар ва ручкаларнинг парталарда жойлашиши... ҳаммаси чиройли! Нақадар бахтиёр дамлар!

Муаллима ўқувчилар билан яқиндан танишиш мақсадида синф журналини очди-да, йўқлама қилишга тушди.

– Ким Бахтиёр? – Журналдаги бу ёзувни ўқиётганида беихтиёр овози жаранглаб кетгандек бўлди.

– Мен, – ўрта партада ўтирган ёқимтой ўқувчи ўнг қўлини кўтарганча сапчиб ўрнидан турди.

Муаллима бир журналга, бир болага юзланди. Қизиқсинди:

«Корейс миллатига мансуб болага Бахтиёр исмини қўйишибди. Ажойиб!»

– Қани, доскага марҳамат, – муаллима меҳр тўла кўзлари билан ўқувчини ўзи томон чорлади. Унинг юриш-туришига разм солди: «Ростданам исми жисмига монанд бола экан».

– Исмингни ким қўйган? – қизиқсиниб сўради муаллима.

– Дадам, – дея жавоб берди қимтинибгина бола.

– Даданг нима иш қиладилар?

– Тадбиркор.

– Ойинг-чи?

– Дўхтир...

– Сен катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?

– Ўқитувчи.

– Қайси тилларни яхши кўрасан?

– Ўзбек ва корейс тилларини.

– Яхши, ҳозирданоқ барча фанларни пухта ўзлаштирсанг, баҳоларинг фақат «беш» бўлса, келажакда ўз орзунгга эришасан, – муаллима шундай дея ўқувчиларга юзланди. – Болажонлар, сизлар юртимизнинг эртанги куни эгаларисиз. Шунинг учун аъло баҳоларда ўқиб, яхши касб-ҳунарни эгаллашларингиз керак. Бунинг учун ҳамма шароит, имкониятлар мавжуд, тўғрими?

– Тўғри! – болаларнинг овози синфни тутди.

Муаллима қўлига бўрни олди. Доскада чиройли ёзувдаги матн пайдо бўлди. У янги мавзуни тушунтира кетди. Муаллиманинг хушмуомалалиги, ёқимли овози, меҳри болаларни ўзига бутунлай мафтун этди.

Танаффус. Синфдан чиқиб кетаётган муаллиманинг ортидан қараб қолган ўқувчилардан бири:

– Устоз жуда бахтиёрга ўхшайди! – деди беихтиёр. Атрофдагилар бу сўзни гўё ўзлари айтгандек мамнун бўлишиб, бир-бирларига сирли боқишди.

Уйга қушдек учиб келган Бахтиёр ҳаяжонини босолмас, хурсандлигини яшира олмасди..

– Намунча оғзинг қулоғингда, болам?

– Биласизми, онажон, бугун-чи синфимизга янги устоз кирдилар.

– Янги ўқитувчи яхши эканми?

– Ҳм, ўзлари ҳам, овозлари ҳам чиройли экан... Нима десам экан, жудаям бахтиёр эканлар...

– Буни дарров қаердан била қолдинг?

– Кўзларидан, чеҳраларидаги табассумдан, юриш-туришлари ва биз, болаларга бўлган муомалаларидан.

Онаси кулиб турарди. Ўғли ҳовлиққанча сўзида давом этди:

– Исмим... исмим устозга жуда ёқди. Исмингни ким қўйган, дедилар.

– Оббо, болам-ей! – дея онаси Бахтиёрни бағрига босди ва пешонасидан ўпди. Унга Бахтиёр деб ном беришгани сабабини айтиб берди. Онаси гапини тугатиши биланоқ:

– Вой, қандай яхши! – дея чапак чалиб юборди Бахтиёр. – Менга айтган гапларингизни ёзиб беринг, устозимга кўрсатаман.

– Майли, болам, қани ручка, қоғоз олиб кел-чи...

Дафтар саҳифаси узра ручка суза бошлади. Бола маржондек тизилаётган сатрлардан кўз узмасди:

«Қирғинбарот уруш халқимиз бошига не кулфатлар солмади. Ўша йиллари Кореядан Ўзбекистонга кўчирилган кўплаб юртошларимиз қатори ёш бола бўлган бобом ва бувим ҳам бу ерда муқим яшаб қолишган. Отам ва онам шу ерда туғилиб, вояга етишган, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишган. Эл ичра обрў-эътибор топишган. Маҳалладошларимиз меҳр-оқибатли, бир-бирларини ҳурмат қилишади. Биз, ака-сингилларнинг ҳаммамиз турли касбларда меҳнат қилиб бахтли яшаяпмиз.

«Илоё, жонажон юртимиз Ўзбекистонга кўз тегмасин!» Бу нафақат ўзбеклар, балки Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакилларидан иборат бир оила фарзандларининг дил сўзларидир!

Кичкиналигимда бобомдан «Юртимиз Ўзбекистонни бунчалар яхши кўришингизнинг сабаби нимада?» деб сўраганимда: «Ўзбекистонда бахти кулган, бахтиёр инсонлар яшашади...» деб фахр билан қулочларини кенг ёйиб, биз, набираларни атрофни кузатишга чорлаган эдилар.

Ўғлимизнинг исмига келсак. Фарзандли бўлганимизда турмуш ўртоғим Ким чеҳрасида табассум балққанча уйга қувониб кириб келди.

– Табриклайман. Мана, буни ўқи! – деганча қўлимга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани тутқазди.

– Вуй, қандай яхши! – Гўдакнинг исмини ўқигач, ҳайрон бўлди: – Нега Бахтиёр?

– Бахтиёр энг чиройли исмлардан. Доимо бахт ёр бўлсин, дея Бахтиёр қўйдим-да! – деди Ким. – Биласанми, исмда ҳам ҳикмат бор. Фарзандимизнинг қадамлари, умр йўллари доимо бахтга ёр бўлсин. Яна бир гап: бир зумда катта бўлиб, мактабга қатнайдиган бўлади. Шунда ўқитувчи журналга қараб «ким бахтиёр?» дейди. Ўғлимиз эса «Мен!» дея қўлини кўтаради. Ажойиб-а!

– Ҳа, ажойиб, – дедим мен ва Кимни фарзандимизнинг чиройли исми билан қутладим... Бахтиёр Корея ва Ўзбекистонни бирдек севади. Дунёдаги барча болаларга ҳамиша бахт ёр бўлишини истайди. Илоё, фарзандларимиз бахтига кўз тегмасин...

Абдулла Айизов.




Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг