«Бас қилинг!» – германиялик вазир Лавровга кескин мурожаат қилди
Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида 2 март куни ўтган «Катта йигирмалик» (G20) учрашувида россиялик ҳамкасби Сергей Лавровдан босқинчилик урушини зудлик билан тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда DW хабар берди.
«Урушга чек қўйинг! Халқаро тартиб-қоидаларимизни поймол этишни бас қилинг! Украина шаҳарлари ва тинч аҳоли устига бомба ёғдиришни тўхтатинг!» – дея Россия ТИВга тўғридан-тўғри мурожаат қилган олмон бош дипломати.
Сиёсатчи маданий тушунчаларга асосланган бугунги дунёда кучлилар ўзидан кучсизроқларга зўравонлик қилиши буткул номақбул эканини урғулаган.
«Фикрларимизни ўз қулоғингиз билан эшитиш учун шу залда эканингиз яхши бўлди. Қирғинбаротни тўхтатинг! Бир ой ёки бир йилдан кейин эмас, бугуноқ! Негаки, ота-онаси, акаси ёки фарзандидан айрилган оила учун ҳаёт ҳам мазмунини йўқотади», – деб таъкидлаган А.Бербок.
Ўтган йили С.Лавров «Катта йигирмалик» анжуманида нутқ сўзлагач, танқидларни эшитмаслик учун зални тарк этган эди.
«Россия томони «Бу урушни биз бошламадик» қабилидаги ёлғон даъволар билан жамоатчиликни ишонтириш амримаҳол эканини тушунган кўринади. Ёлғону ўтриклардан баҳс этиб, жуфтакни ростлаб қолиш мақбул стратегия эмас», ؘؘ– деган олмон вазири.
Таъкидланишича, «Катта йигирмалик» давлатлари Украина уруши борасида турли ёндашувларга эга бўлиши мумкин, аммо Россияни истисно этганда 19 давлат қирғинбаротни тезроқ тугатиш борасида ҳамфикрдир.
Нотиқ урушдан ҳатто Россиянинг ўзи ҳам азият чекаётгани, минглаб одамлар ватанидан бош олиб кетаётгани, иқтисодий кўрсаткичлар пасайиб бораётганига эътибор қаратган.
Деҳлида ўтган G20 ташқи ишлар вазирлари машваратида Украина муҳорабаси қаторида глобал озиқ-овқат бўҳрони ва энергия хавфсизлиги масалалари ҳам муҳокама этилди.
«Германия қарз инқирозини бартараф этиш устида ишламоқда. Негаки, залворли қарз юки сабаб кўплаб мамлакатлар бўҳрон ёқасига келиб қолган. Биз дунё миқёсида очарчиликка қарши курашиш учун ҳам кучларимизни сафарбар қиламиз. Масалан, Жанубий Африкада миллионлаб одамлар фарзандларини қорнини тўйғаза олмай қолган. Иқлим ўзгариши ҳам янада жиддий ва янада талафотли табиий офатларга доялик қилмоқда. Шу сабаб янги халқаро молия архитектурасини яратишга бел боғлаганмиз. Очиқ адолатсизлик шундаки, иқлим бўҳронидан энг кўп азият чекаётган мамлакатлар бу борада энг кам айбдор бўлганлардир», – деган Германия ТИВ Деҳли анжумани арафасидаги баёнотида.
Расмий Берлинга кўра, Кремлнинг ҳақсиз уруши дунёда озиқ-овқат ва энергия инқирозини янада кучайтирди.
«Ўтган ҳафта, Россия ҳамласи бошланганига бир йил тўлган паллада БМТ Бош ассамблеясида мутлақ кўпчилик давлатлар Россия бошлаган шафқатсиз урушни кескин қоралагани менда умид уйғотди. Халқаро ҳамжамият БМТ Уставини ҳимоя қилишдек тақдируламал масалада якдилдир», – дейди А.Бербок.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 31 октябрь куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Германия ташқи ишлар вазири Россия–Украина урушининг Марказий Осиёга таъсири, суверенитет ва давлатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи каби масалаларни кўтарган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter