Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Баннерлар бузилиши бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори экспертизадан ўтказилмаган бўлиб чиқди

Баннерлар бузилиши бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори экспертизадан ўтказилмаган бўлиб чиқди

Апрель ойидан бошлаб, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида реклама конструкциялари бузилиши масаласи жамиятнинг диққат-эътиборини ўзига тортмоқда.

Бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари ноодатий усул орқали, яъни Президентдан ёрдам сўраб, ўзларига тегишли бўлган реклама объектларига мурожаатларини жойлаштиришди.

Аввалроқ, ушбу масала Бизнес-омбудсманнинг назоратига олинганлиги тўғрисида расмий баёнот берилган эди.

Дастлабки ўрганишларга кўра, тадбиркорларга тегишли реклама конструкцияларининг демонтажи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги 323/37-6-сонли «Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Бизнес-омбудсман томонидан юқоридаги қарорнинг қонунийлиги ўрганилганда, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунининг 21 ва 22-моддалари талабларига асосан ушбу қарор лойиҳаси адлия органларида экспертизадан ўтказилмаганлиги аниқланди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг юқоридаги қарорнинг қонунийлигига баҳо бериш ҳамда ваколат доирасида уни қайта кўриб чиқилишида амалий ёрдам бериш сўралди.

Айни дамда, ушбу ҳолат юзасидан қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда, дейилади Бизнес-омбудсман хабарида.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мухбирнинг ушбу мавзудаги саволига жавоб бера олмай, қочиб кетгани хабар қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг