Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимояси янги босқичда

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимояси янги босқичда

Давлат раҳбарининг анъанага айланиб улгирган ҳар йили  август ойида ўтказилиб келинаётган Очиқ мулоқоти давомида тадбиркорларни қийнаб келаётган кўплаб тизимли муаммоларга ечим топилиб, мулоқотдан  сўнг  берилаётган имкониятлар янги иш бошлаётган  кўплаб  тадбиркорларга рағбатлантирувчи омил бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Сўнгги ўтказилган Очиқ мулоқотдан сўнг ўтган қисқа давр мобайнида кўтарилган муаммолар ечими бўйича бевосита Давлат рахбари томонидан 3 та Фармон қабул қилинди.

Ушбу Фармонлардан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, назорат қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг масъулиятини оширишдан иборат.

Хусусан тадбиркорлик  фаолиятини назорат  қилишни тартибга солиш ва чеклаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланди ва ушбу рўйхатга киритилмаган органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ҳамда назорат соҳасида назарда тутилмаган масалалар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат тадбирларини ўтказиш таъқиқланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек Бизнес Омбудсманга  ҳар йили 1 февралга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги текширувларнинг қонунийлиги ва ўрнатилган тартибда ўтказилганлиги, тадбиркорлик субъектларининг шикоятлари, текширув ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг аттестация натижалари каби кўрсаткичлар асосида назорат қилувчи органлар фаолиятини баҳолаб, «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида уларнинг рейтингини эълон қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Фармоннинг қабул қилиниши назорат органларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашувининг тубдан қисқартирилиши, текширишларни ташкил қилиш тизимини янада такомиллашувига ва мансабдор шахсларнинг улар фаолиятига асоссиз аралашуви учун жавобгарлигининг кучайтирилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада кучлироқ ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг