Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бажармасликка ҳеч қайси раҳбарнинг ҳаққи йўқ» — президент

«Бажармасликка ҳеч қайси раҳбарнинг ҳаққи йўқ» — президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.

«Бугун муҳокама қиладиган учта масаламиз бевосита инсон қадри билан боғлиқ, халқимизни рози қилишга қаратилган. Уларни бажармасликка ҳеч қайси раҳбарнинг ҳаққи йўқ.

Кун тартибидаги биринчи масалада ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни муҳокама қиламиз.

«Ташаббусли бюджет» портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлиги масаланинг долзарблигини кўрсатмоқда», — деди давлат раҳбари.

Бу борада Андижон тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Вилоятдаги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, олис ва чекка маҳаллалардаги 23 километр қум-шағал йўллар цемент-бетон қопламага ўтказилди.

Ушбу 31 та маҳаллада асфальт-бетон ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинди. Бу ишларнинг ҳисобига 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалди.

Энг асосийси, кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.

«Ҳар бир вилоятда йирик цемент корхоналари ва хусусий корхоналар билан биргаликда йўл қуриш ва эксплуатация кластерларини ташкил этиш орқали ички йўлларнинг эгасини топиш бўйича топшириқ берган эдим.

Бу борада Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Навоийдаги ишлар аҳволи қолган ҳудудларга қараганда ҳали суст», деди Президент.

Бу ҳудудлар ҳокимларига масаланинг ичига кириб, жиддий шуғулланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман, 2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг