Бабаяннинг «ёпишмаган гажаклари»
Яқинда Тошкентнинг «Локомотив» клуби бош мураббийи этиб тайинланган Самвел Бабаян билан Tribuna.uz мухбири суҳбатлашди. Суҳбат оҳангидан тегирмонга тушса, бутун чиқадиган мутахассиснинг кайфияти чаккимас. Нега ёмон бўлсин? Яна севимли машғулотига қайтди, қайтгандаям унча-мунча жамоа эмас, ўзбек футболининг бақувват ва барқарор клуби бошқарувини қўлга олди.
Мулоқотда асосий гап унинг футболдан четлатилишию кўп ўтмай таъқиқ бекор қилингани, бу жараёнда нималар билан машғул бўлгани теварагида кечганини кўриш мумкин. «Темирйўлчилар»нинг янги устозининг жавоблари унинг футболга оид фаолиятига қўйилган таъқиқ хусусида шундай дейди: «...Бундан ким ютқазди? Ўз касбининг фидойиси сифатида мен ютқаздим. Бундан мамлакатимиз ҳам ютқазди, чунки мен Европа лигасида қатнашган ягона ўзбек мураббийи бўлишим мумкин эди. Осиё футболи ҳам ютқазди, чунки ҳозир бирорта ҳам осиёлик мураббий Чемпионлар лигасида қатнашмаяпти. Мен қатнашишим мумкин эди».
Қайдам, балки тўғридир бу гаплар. Бироқ унинг 15 кунга бориб-бормаган дисквалификацияси борасидаги мавҳумотликлар ҳамон иштибоҳ устига иштибоҳ туғдиради-да.
Маълумки, Самвел Бабаян ЎФФ Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилганди. Унинг 15 кундаёқ оқлангани эса орадан бир йил-у бир кун ўтиб, қачонки «Локомотив» футбол клуби раиси маслаҳатчиси этиб тайинлангандан кейингина оммага ошкор этилди. Бу вақт оралиғида, яъники, 2018 йилнинг март ойида у Латвиянинг «Спартак» клубига бош мураббий этиб тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ унга бу лавозимда ишлаш барибир насиб этмади, негаки, унинг ўзи тан олганидек, «...менга нисбатан илгари сурилган айбловлар Юрмаланинг «Спартак» клуби бош мураббийи бўлишимга ҳам халал берди», натижада у «Европа лигасида қатнашган ягона ўзбек мураббийи» бўла олмади.
Ажаб, 2018 йил март ойида, яъники, Латвиянинг «Спартак» клубига бош мураббий этиб тайинланиш масаласи катта сўроқ остида қолиб, Европада жавлон уриб ишлашдек имконият йўққа чиқаётганда наҳот Бабаян 15 кундаёқ (2018 йил, февралнинг боши!) дисквалификация бекор қилинганидан бехабар бўлса?
Бунга ишониш қийин.
Унинг «дисквалификация бекор қилинганини айтмаслигимни сўрашганди» дейиши ҳам шунчаки ёш болани «конфет бераман» деб алдашга ўхшайди. Бекор қилинган дисквалификация давлат сири ёки махфий маълумот эмас, эрта-бир кун барибир оммага айтилади, бусиз илож йўқ. Қолаверса, олдида Европа клубида ишлашдек имконият турганда «сохта далилларга асосланган дисквалификация» сабаб «адолатсизлик, ҳатто камситиш»га гирифтор бўлган мутахассиснинг бировга тишининг оқини кўрсатмагани эртакка ўхшайди тўғриси. Агар у ростанам дисквалификацияси бекор қилинганини «айтмасдан юрганида» охиригача мард бўлиб «Европа лигасида қатнашган ягона ўзбек мураббийи бўлолмагани»дан ҳам дийдиё қилмасди...
Албатта, ўзбек футболи бировнинг маҳрига тушмаган. Самвел Бабаян «Локомотив» бош мураббийлигига муносиб кўрилибдими, бу энди мутасаддиларнинг иши. Футбол ҳалоллик ва адолатни талаб қилар экан, мураббий ва мутасадди ҳақиқатни гапириши керак. «Ёпишмаган гажаклар» билан миллионлаб мухлисларни алдаб ҳам, чалғитиб ҳам бўлмайди. Бу бамисоли ойни этак билан ёпишга уринишдан бошқа нарса эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter