БАА вазири ислом дини ҳақида мунозарали фикр билдирган президент Макронни ҳимоя қилиб чиқди
БААнинг ташқи ишлар давлат вазири Анвар Қарқаш Франция президенти Эммануэль Макроннинг ислом дини ва мусулмонлар хусусидаги позициясини қўллаб-қувватлаб баёнот берди.
БАА вазири Франция раҳбари мусулмонларни жамиятдан сиқиб чиқаришга уринаётгани, улар ҳуқуқини бузаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
«(Мусулмонлар) Макроннинг фикрларини диққат билан тинглашлари керак. У Ғарбдаги мусулмонларни иҳоталаш ниятида эмас ва у бутунлай ҳақдир», – деди Анвар Қарқаш Германиянинг Die Welt нашрига берган интервьюсида.
Қайд этилишича, мусулмонлар Ғарб жамиятларига интеграция бўлмоғи даркор. Президент Макроннинг фикрлари мусулмонларга нисбатан ҳақорат деб қабул қилиниши ҳам тўғри эмас.
БАА ташқи сиёсат маҳкамасига раҳбарининг баёноти мусулмон оламида президент Макроннинг ислом хусусидаги билдирган мунозарали фикрларига қарши кучли норозилик кузатилаётган бир даврда янграмоқда.
Франция раҳбари Э.Макрон ислом дини чуқур инқироз домида эканини даъво қилар экан, мамлакатдаги мусулмонларни сепаратизмда айблади. Айни чоқда, дунёдаги бир неча миллиард мусулмон чексиз ардоқлайдиган Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) карикатура қилинган суратларни оммавий чоп этилишини оқлаб чиқди.
Франция етакчисининг мазкур позицияси сабаб Покистондан Фаластинга қадар – дунёнинг ўнлаб мусулмон ўлкаларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Соғлом фикрли мусулмонлар зўравонлик, хунрезлик ва террорни кескин қоралаган ҳолда, Пайғамбарнинг муборак шахсиятига ҳақоратли муносабатда бўлиш асло қабул қилиб бўлмас ҳол эканини билдирди. Дунё бўйлаб француз маҳсулотларига қарши бойкот ҳам эълон қилинди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция раҳбари Эммануэль Макроннинг ислом дини хусусидаги баёнотига кескин танқидий муносабат билдирди. Хусусан, ислом инқироз ҳолатида деган иддао ҳурмат чегараларини бузиш ва очиқ провокация деб баҳоланди.
Туркия раҳбарига кўра, европалик айрим сиёсатдонлар ўз камчиликларини хаспўшлаш, жамоатчилик эътиборини чалғитиш мақсадида мусулмонларга ҳужум қилмоқда.
«Ички сиёсатда боши берк кўчага кириб қолган ва омади юришмаган европалик етакчилар ўз уқувсизлигини ислом динини нишонга олиш орқали яширишга уринмоқда... Макрон ҳам ислом дунёси инқирози ҳақида гапирар экан, Франция ҳамда француз жамияти дуч келган бўҳронни беркитишга интилмоқда», – деди президент Эрдўғон.
Покистон бош вазири Имрон Хон ҳам айрим Ғарб мамлакатларида исломофобия кучайиб бораётгани ва ушбу тенденция давлат томонидан ҳимоя қилинаётганини хавотирли ҳол ўлароқ баҳолади. Покистонлик арбоб француз президенти исломий қадриятларни поймол қилаётганини қайд этди.
Халқаро босим ортидан президент Макрон француз матбуотида эълон қилинган карикатураларга нисбатан мусулмонларнинг туйғуларини тушунишини, аммо бу карикатураларни ҳукумат эмас, балки мустақил ОАВ чоп этганини айтди. Айни чоқда, у ўз мамлакатида эркин гапириш, ёзиш, мушоҳада юритиш ва чизиш ҳуқуқини ҳимоя қилажагини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter