Айрим шахсларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилади
«Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–230-сон, 29.04.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 июлдан:
- оилавий болалар уйларининг сақлаш харажатлари учун Давлат бюджетидан маблағ ажратишда бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатлар ҳамда болалар сонидан келиб чиқиб, зарур маблағлар коммунал харажатлар билан бирга ота-оналар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади;
- жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда ҳамда ногиронлиги бўлган болалар касб-ҳунар мактабларида ишловчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорда устамалар тўланади.
Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларни Республика мақсадли китоб жамғармаси орқали бадиий адабиётлар билан мунтазам таъминлаш учун ҳар йили 5 миллиард сўм йўналтирилади.
2023-2025 йилларда 10 та ҳудудда реабилитация марказига эга бўлган «Имкон» кўп тармоқли ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Қарорга кўра:
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойларни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўз номига расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун (олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш) давлат божи тўлашдан озод этилади;
- етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга давлат ОТМда озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситалари харид қилиш учун маблағ ажратиш амалиёти нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам татбиқ этилади;
- 2022 йил 1 июндан «Ишга марҳамат» мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.
2022 йил 1 майдан «Саховат» уйларида яшовчи зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга шахсий сарф-харажатлари учун ҳар ойда тегишли нафақа миқдорининг 20 фоизини тўлаш тартиби жорий қилинади.
Қарорга кўра, Афғон урушида иштирок этган ногиронлиги бўлган жангчи-фахрийлар индивидуал ўлчовлар асосида тайёрланадиган тегишли замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминланади.
2023 йил 1 январдан:
- I ва II гуруҳ ногиронлиги учун пенсия тайинлангандан кейин ишлаган фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда, ногиронлик пенсияси миқдорлари ҳар икки йилда қайта ҳисобланади;
- ҳудудий жамоат фондлари ҳисобидан Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидияси ажратилади.
Шунингдек, 2022-2023 йилларда давлат ижтимоий муассасаларининг қуриш ва таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 600 миллиард сўм йўналтирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter