Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорабоғни минадан тўлиқ тозалаш учун 10-15 йил вақт керак – мутахассис

Қорабоғни минадан тўлиқ тозалаш учун 10-15 йил вақт керак – мутахассис

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Халқаро муносабатлар таҳлили маркази ҳайъати раиси Фарид Шафиев Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва бошқа давлатлардан келган ОАВ ходимлари билан учрашди ва Қорабоғдаги айни вақтдаги вазият ҳақида ахборот бериб ўтди. Хусусан, марказ раҳбари минтақада тўлиқ тинчлик ўрнатиш учун олиб борилаётган ишларга тўхталди.

Интеграция

Айни вақтда Қорабоғда истиқомат қилаётган арман миллатига мансуб аҳолини Озарбайжон халқига интеграция қилиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда. Бунинг учун уларга етарлича имконият яратилган. Уларнинг хавфсизлиги кафолатланади, пенсия ва бошқа тўловлар ўз вақтида амалга оширилади, Озарбайжон фуқароларига бериладиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар уларга ҳам таалуқли бўлади.

Биз ҳар доим конституцияга мувофиқ иш кўрамиз. Асосий қонунимизга кўра бизда икки фуқаролик тақиқланган. Озарбайжон паспортига эга аҳолида бошқа давлат фуқаролиги бўлган тақдирда, бу ҳолат Озарбайжон давлати томонидан тан олинмайди. Ҳозирча Қорабоғдаги арман аҳолиси ўртасида Озарбайжон фуқаролигини олиш ҳолати учрамади, аммо буни истайдиганлар етарлича топилади.

Лочин йўли

Ҳозирда Лочин йўли тўлиқ бизнинг назоратимиз остида бўлиб турибди. Ҳозирда арман томонидан эътирозлар бўлмоқдаки, ушбу йўлдан юк олиб ўтиш тақиқлангани туфайли гуманитар муаммолар юзага келаётган экан. Ваҳоланки Қорабоғ ва Арманистон ўртасидаги алоқа буткул узиб қўйилмаган, биз юк олиб ўтиш учун Агдам йўлини таклиф қилмоқдамиз. Аммо айирмачилар бу йўлдан фойдаланишни исташмаяпти, чунки уларга Лочин йўли ҳарбий юк олиб ўтиш учун керак бўларди.

Биз бунга йўл қўймаймиз. Агарда Қорабоғдаги тинч аҳолига бирор ёрдам керак бўлса, биз бажонидил кўмак кўрсатишга тайёрмиз. Масалан, озиқ-овқат ва тиббий маҳсулотлар етказиб берилади. Аммо Лочин йўли орқали ҳарбий юк олиб ўтишларига мутлақо йўл қўйилмайди.

Минтақада батамом тинчлик ўрнатилгач барча йўллар шубҳасиз очилади.

Ҳарбий кучлар

Ҳозирда ҳисоб-китобларга кўра Қорабоғда 10 минг нафар атрофида ҳарбийлар бор. Арманистон томонидан даъво қилинишича, уларнинг барчасини маҳаллий аҳоли ташкил этади. Аммо ўзи 25-30 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб турган жойда 10 минг ҳарбий бўлиши мумкинми?

Ҳозир Қорабоғдаги ҳар тўрт одамдан бири ҳарбий ҳисобланади. Бу ҳарбийлашган ҳудуд.

Миналар

Айни вақтда Қорабоғдаги катта муаммолардан бири – миналардан тозалаш бўлиб турибди. Тахмин қилинишича, ҳудудни тўлиқ тозалаш учун 10-15 йил вақт керак бўлади. Масалан, Лочинда 2021 йилда ўрнатилган мина аниқланган. Яъни, айирмачилар яқин вақтларгача ҳам миналаштириш ишларини олиб борганлар.

Тинчлик музокаралари

Озарбайжон ҳар доим тинчлик истаган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Минтақамиз тинч бўлиши учун ҳар қандай майдонда музокара ўтказишга тайёрмиз. Европа воситачи бўладими, Америка ёки Россия, наф келтирса бўлгани, биз музокараларда қатнашишга тайёрмиз.

Озарбайжон халқаро ҳуқуқ нормалари бўйича мудом ҳақ бўлиб келган, бу борада халқаро ташкилотлар томонидан турли резолюция ва қарорлар ҳам қабул қилинган. Аммо шу вақтга қадар уларнинг ҳеч бири ишлагани йўқ. Энди амалий ишга ўтиш вақти келди.

Уруш фахрийлари

Қорабоғ урушида иштирок этган, ярадор бўлган ва айниқса шаҳид кетганларнинг оиласига ҳар доим катта эътибор берилади. Ушбу ҳолат Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг шахсан назоратида.

Биз ўз қаҳрамонларимизни қадрлаймиз ва уларга барча ёрдам ҳамда кўмакни кўрсатишга тайёрмиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан ташкил этилган сафарда Xabar.uz мухбири ҳам иштирок этмоқда. Сафар доирасида Қорабоғнинг бир қатор ҳудудларидан репортажлар ташкил этиш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг