Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автобус ҳайдовчиларига 7 суткадан берилди

Автобус ҳайдовчиларига 7 суткадан берилди

Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчилари ўзаро йўловчи талашиб муштлашаётгани акс этган видео тарқалганди. 

Бугун, 2 март куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича Н. Б. (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1-сонли автобус саройига қарашли 28-сонли йўналиш автобус ҳайдовчиси) ва М. М. (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, «Avtosantrans-servis»га қарашли 155-сонли йўналиш автобус ҳайдовчиси) га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.

Суд мажлисида аниқланишича, 2023 йил 28 февраль куни соат тахминан 8:30 ларда Яшнобод тумани Иззат кўчасида ўзларига бириктирлган автобусларни бошқариб, ҳаракат давомида бир-бирларига йўл бермасдан келиб, шу кўчада жойлашган 76-сонли автобекат олдида тўхтаб, жамоат жойида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзаро жанжаллашиб, бекатда турган фуқаролар олдида бир-бирларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, фуқаролар осойишталигини бузиб, майда безорилик қилишган. Ҳуқуқбузарлар ушбу ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилишган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 2 мартдаги қарори билан Н. Б. ва М. М. нинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ушбу қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест берилиши мумкинлиги маълум қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг