Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аттракциондан йиқилганлар оғир аҳволда: ССВ ва Бош прокуратура баёнот берди

Аттракциондан йиқилганлар оғир аҳволда: ССВ ва Бош прокуратура баёнот берди

12 июнь куни тунги соат тахминан 22:10 ларда пойтахтимизнинг «Анҳор – Локомотив» кўнгилочар боғида икки фуқаро аттракционда учиш чоғида хавфсизлик камарларини тақмаганлиги сабабли йиқилиб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Мельница» номли қурилмадан йиқилган 24 ёшли Б.Э. ва 30 ёшли Т.М. нинг аҳволи ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

Бахтсиз ҳодисадан сўнг «Тез ёрдам» бригадаси келгунга қадар Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган. Тез тиббий ёрдам етиб келгач, жароҳат олган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.

Муассасада беморлар зудлик билан шок залига олиниб, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган.

Беморлар айни пайтда нейрохирургия бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта оғир даражада. Нафас олиш ва гемодинамик кўрсаткичлари барқарор. Улар шифохонада белгиланган даво стандартлари асосида даволанмоқда.

Шунингдек, Бош прокуратура маълумотига кўра, аттракцион назоратчиси фуқароларнинг хавфсизлик камари тақилганлигини текширмасдан, аттракционни ҳаракатга келтирганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг