Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вакциналарни тарқатиш «тарихдаги энг йирик транспорт муаммоси»га айланиши мумкин

Вакциналарни тарқатиш «тарихдаги энг йирик транспорт муаммоси»га айланиши мумкин

Фото: «Getty Images»

Коронавирусга қарши вакцинани бутун дунёга тарқатиш «тарихдаги энг йирик транспорт муаммоси»га айланиши мумкин, деб ёзмоқда BBC.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) маълумотига кўра, бунинг учун «Boeing 747» эквивалентидаги самолётлардан 8000 таси керак бўлади.

Ҳозирча ташиладиган вакцинанинг ўзи йўқ, шунга қарамасдан, IATA авиакомпаниялар, аэропортлар, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, фармацевтика компаниялари билан ҳаво транспортида вакциналарни ташиш глобал режаси музокараларини ўтказмоқда.

«Коронавирусга қарши вакцинани хавфсиз етказиш юк авиаташувлари глобал саноати учун аср миссиясига айланади. Бироқ пухта режалаштиришсиз буни уддалаш мумкин эмас. Вақт эса етиб келди», — деди IATA ижрочи директори Александр де Жуниак.

Карантин даврида йўловчи рейслари жиддий пасайишга юз тутганидан сўнг авиакомпаниялар бор эътиборларини юк ташишга қаратишган. Бироқ самолётларнинг барчасида ҳам вакцина ташиб бўлмайди, чунки дориларни муайян ҳароратда сақлаш талаб этилади. Айрим вакциналар учун жуда паст ҳарорат керак бўлиши мумкин, аксарият самолётларда эса бундай шароитни яратиш имконсиз.

Айниқса, Жануби-шарқий Осиёнинг айрим нуқталари ҳамда бутун Африкага вакцинани етказишда жиддий муаммолар кузатилиши мумкин.

Айни пайтда 140 га яқин вакцина устида синовлар турли босқичларда кетяпти, 20 тача мамлакатда клиник синовлар ўтказилмоқда.

IATA мамлакатлар ҳукуматларини вакциналар етказишга тайёр бўлганидан сўнг муаммолар юзага келмаслиги учун ҳозирданоқ ҳозирлик кўриб қўйишга чорламоқда. Вакциналар муайян ҳарорат остида тайёрланиши, ташилишидан ташқари уларнинг хавфсизлиги муаммоси ҳам бор.

«Вакциналар — жуда қиммат маҳсулот. Уларни қалбакилаштириш ва ўғирлашдан асраш учун барча чоралар кўрилиши шарт», — дейилади ассоциация баёнотида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг