«Асирликдаги муҳаббат» ёхуд Стокгольм синдроми ҳақида нима биламиз?

Стокгольм синдроми кино ижодкорлар ва ёзувчиларнинг тасаввурини ҳаяжонга соладиган энг қизғин психологик ҳодисалардан биридир. Асарлардаги романтика ҳақиқий жабрдийдалар устидан шафқатсизларча «кулади»: уларни менсимайдилар, азоб-уқубатлари паст баҳоланади, зўравонлар эса эътиборга зор, йўлдан адашган бахтсиз қаҳрамонлар сифатида тасвирланади.
Севги ёки Стокгольм синдроми?
Кейинги пайтларда психологияда «Соҳибжамол ва Махлуқ» каби муҳаббат сюжетлари танқид қилинмоқда: у ерда муҳаббат эмас, зўравонга қарамлик билан боғлиқ муносабатлар тасвирланади. Бундай романтика қизларда «зўравонни севсам, у ўзгаради» деган хавфли иллюзияни шакллантиради. Соҳибжамол (Bell) отасини қутқариш учун Махлуқнинг тутқунида қолади. Вақт ўтиб у Махлуққа нисбатан илиқлик ва муҳаббат ҳис қила бошлайди. Охир-оқибат, муҳаббат туфайли Махлуқ ҳақиқий инсонга айланади.
Стокгольм синдроми элементлари борми?
Психологияда эмоционал манипуляция деган термин бор – Соҳибжамол Махлуқни севмаса лаънатдан қутула олмайди. Белл қурбонми, ҳа, у ўз эрки билан кетолмайди, бошда қаттиқ қўрқади, кейин зўравонни ҳимоя қилади, унга меҳр кўрсатади. Бу эртакда қамоқ ва изоляция мавжуд, яъни қиз тутқинда, Махлуқ уни мажбуран ушлаб туради.
Махлуқ идеаллаштирилганми, ҳа зўравон айни пайтда ғамхўр, лекин у бошида қўпол, кейин у қизга совғалар беради, кутубхонасига таклиф қилади. Охир-оқибат яхши одам сифатида кўрсатилади, зўравонлиги «муҳаббат» билан оқланади. Мазкур эртак одамлар орасида зўравонликни «муҳаббат ифодаси» сифатида қабул қилишга олиб келиши – бу жуда нозик муаммо.
Қурбон ўз зўравонини оқлашни бошлаганда бу севги эмас, бу психологик тузоқ. Бу тузоқни илмий тилда Стокгольм синдроми дейилади. Баъзида эса бу синдром қутқарувчи синдроми билан аралашиб кетади – айниқса аёллар ўзини «мен уни тузатаман» деб ишонтирганда.
Соҳибжамол «бахтли» бўлади, лекин ниманинг ҳисобига? Нима учун бундай сюжетлар хавфли? Аёллар, ёш қизлар ва ҳатто болалар «Соҳибжамол ва Махлуқ» каби ҳикоялар орқали зўравонга меҳр кўрсатиш – яхшилик қилиш деб ишониб қолишлари мумкин. Аслида эса, бу муҳаббат эмас. Бу – қайсидир болаликдаги руҳий жароҳатга мос сценарийни қайта ўйнаш.
«Қаттиқ тугунлар»
Эвелина Миллернинг «Қаттиқ тугунлар» (Тугие узы) романидаги бош қаҳрамон аёл зўравон қўлига тушиб қолади. У қаршилик кўрсатади, қочмоқчи бўлади, лекин аста-секин ўз зўравонини тушунишга, унга ҳамдардлик қилишга, ҳатто ҳимоялашга ўтади. Элизанинг хаёлида «зўравонни болалигида хорлашган, шунинг учун у аламзада» каби фикрлар устун бўла бошлайди. Қаҳрамон «мен уни тузатаман, мен унга севишни ўргатаман» деган ишонч билан яшайди. Бу психологияда қутқарувчи синдроми, деб номланади. Тўғри жабрдийда Элизанинг ҳис-туйғулари ҳақиқий, лекин булар ўзини йўқотиш, рад этиш ҳисобига бўлган ҳислар. Аммо «муҳаббатшунослар» фикрига кўра, севги шунчаки тушуниш эмас, тенглик ва эркинликдир. Ва жамият бу каби сценарийларни романтик қилиб кўрсатишда давом этаркан, асардаги каби атрофимиздаги аёллар яна ва яна зўравонликда қолаверади.
Стокгольм синдроми касалликми?
Россиялик психотерапевт Василий Шуров Youtube каналида бу ҳақда шундай дейди: «Стокгольм синдроми атамаси болаликдаги жароҳатлар туфайли жабрланувчининг тажовузкорга ёки уларнинг бир-бирига нисбатан ҳамдардлигини тасвирлайди. Бу руҳий касаллик ёки патология эмас – бу психологик ҳимоя шакли, хавфли вазиятга ҳиссий реакция. Стокгольм синдроми – асир бўлган одамнинг ўз зўравонига нисбатан ижобий ҳиссиётлар пайдо қилиши ҳолати. Психологик босим, қўрқув ва умидсизлик остидаги инсонда тирик қолиш учун зўравонни «дўст» сифатида қабул қилиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Бу кўпинча одам ўғирлаш, оиладаги зўравонлик ва жинсий эксплуатация қурбонларида учрайди, лекин баъзида экстремал ҳолатларда ҳам ривожланиши мумкин.»
Стокгольм синдроми ҳодисаси илк марта…
1973 йилда швед психиатри Нилс Бежерот Стокгольмдаги Kreditbanken банкига ўғирликка тушган жиноятчилар ва гаровга олинган тўрт нафар жабрланувчилар ишида қатнашган.
Жиноятчилар уларни олти кун ушлаб турган, аммо полиция қароқчиларни қўлга олишгач гаровдагилар кўрсатма беришдан бош тортишган ва ҳатто адвокатга пул йиғишган.
Ушбу воқеадан сўнг психологлар ва психиатрлар бутун дунё бўйлаб одам ўғирлаш ва оммавий жиноятлар қурбонларида худди шундай хатти-ҳаракатларни қайд эта бошладилар.
Масалан Петти Херст воқеаси – 1974 йил америкалик мултимиллионернинг қизини террорчи гуруҳ ўғирлаган. Улар уни бир неча кун қийноққа солиб, зўрлаган, бироқ кейинроқ қиз уларнинг гуруҳига қўшилиб кетади, яъни террорчилардан бирига ошиқ бўлганини даъво қилган. У талончиликларда қатнашган, бир йилдан сўнг террористик ташкилот аъзолари билан ҳибсга олинган.
Яна бир воқеа – 1985 йилда Шиа жангарилари Афинадан Римга учаётган 847-рейснинг йўловчилари ва экипажини қўлга олиб, икки ҳафта ушлаб туришган. Озодликка чиққан маҳкумларнинг бир қисми террорчиларга ҳамдардлик билдирди ва уларнинг мақсадларини ҳақли деб ҳисоблади.
1996 йилда Япониянинг Перу элчиси қароргоҳида 500 кишининг гаровга олинишида ҳам шундай ҳолат кузатилган – одамларнинг бир қисми қарийб 4 ой асирликда бўлган, озодликка чиққач, ўз қароқчилар ҳақида ҳамдардлик билан гапирган ва уларнинг ҳақ эканига ишонч билдирган.
Стокгольм синдроми қандай шаклланади?
Психологларнинг таъкидлашича, Стокгольм синдромининг ривожланиши бир неча омилларга боғлиқ. Яъни ҳокимиятга эга бўлган одамнинг ҳаёт учун хавфли томонларига чидаб яшаш. Узоқ вақт давомида (бир неча кундан бир неча ойгача) тажовузкор билан мунтазам муносабатда бўлиш. Ушбу «муносабатлар»дан чиқишнинг мумкин эмаслиги (қочиб қутулиш, тажовузкор билан курашиш). Жабрланувчининг бошқалардан изоляция қилиниши, вақти-вақти билан тажовузкор томонидан раҳм-шафқат ва меҳрибонлик намойишлари ҳам жабрланувчида зўравонни «тушуниш» пайдо бўлишига олиб келади. Баъзида одам ўғирлаган зўравон ўлдириш билан таҳдид қилади, лекин қурбонини тирик қолдиради – жабрланувчи енгиллик ва ҳатто миннатдорчиликни ҳис қилади.
Қурбон чидаб бўлмайдиган даҳшат туйғусини камайтириш учун ўзини жиноятчи билан таништиришга, ниятларини тушунишга, ҳатто уни идеаллаштиришга, ўзидан кўра кўпроқ инсонпарварроқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Натижада, ўзи меҳр-муҳаббатни ҳис қила бошлайди, ҳатто зўрлаганини оқлайди ва ҳимоя қилади. Ўғирланганлар, асирдагилар ҳақиқий дўзахдан ўтадилар, жиддий руҳий жароҳат оладилар, шунинг учун уларнинг ҳолатларида синдром энг тез ривожланади.
Стокгольм синдроми асосан аёлларга таъсир қилади, деган стереотип мавжуд, аммо бу мутлақо тўғри эмас. Бунинг исботи сифатида тўлов эвазига ўғирлаб кетилган перулик психиатр 71 ёшли Мариано Керолнинг иши мисол бўла олади. У ўғирлаганлар билан 18 кунини ўтказди ва жазо муддати тугагунига қадар жиноий гуруҳ раҳбарини «ми амиго» деб атади ва ўғирлаганларга берилган қаттиқ жазодан хафа бўлди. Қизиғи шундаки, Керол мутахассис сифатида Стокгольм синдромидан азият чекаётганини жуда яхши тушунган, аммо барибир жиноятчиларга ҳамдард эди.
Болалар-чи?
Зўравонлик шароитида ўсаётган болалар кўпинча ота-оналарига нисбатан Стокгольм синдромидан азият чекишади. Улар ўзларининг мавжудлигини таъминловчиларга қаршилик кўрсата олмайдилар, ҳатто ота ёки она уларни калтакласа ёки зўрласа ҳам. Бундан ташқари, маълум бир ёшга қадар кичик болаларнинг руҳияти «оқ ва қора»: улар катта ёшли одамни фақат яхши деб билишлари мумкин. Агар «яхши» катталар уни хафа қилса, бу унга (болага) бирор нарса нотўғри эканлигини англатади. Бундай шароитда ўсиб-улғайган одамлар ҳаётларининг охиригача зўравон ота-оналар қолдирган стокгольм синдроми «мероси» билан яшайдилар. Ва уларга болалигида қанчалик ёмон муносабатда бўлишса, улар ўз азобларини шунчалик қаттиқ ҳимоя қиладилар.
Баъзи психологларнинг таъкидлашича, ҳатто иш жойларда Стокгольм синдроми мавжуд бўлиб, у ерда таъқиблар, психологик зўравонлик ва раҳбарларнинг кичикларга нисбатан ҳурматсиз муносабати кенг тарқалган. Ишини йўқотишдан қўрққан ишчилар, атрофида содир бўлаётган адолатсизликни қабул қилишга мажбур бўладилар ва хўрланиш, уят, қўрқувни енгиллаштириш учун ўз раҳбарларини оқлашга баҳона қидира бошлайдилар.
Шафқатсиз спорт мураббийлари шунчалик кенг тарқалганки, бундай золимлар қўлига тушган ёш спортчи ва аёллар кўпинча Стокгольм синдромининг барча белгиларини намойиш этадилар. Улар ўзларига нисбатан жисмоний, психологик ва баъзан жинсий зўравонликни оқлайдилар ва мураббий буни уларнинг манфаати, муваффақиятига қайғурганидан қилаётганига тўлиқ ишонадилар.
Ушбу синдромнинг энг ёмон оқибати шундаки, жабрланувчилар ўз манфаатларига қарши ҳаракат қила бошлайдилар: зўравонни ҳимоялайди, ўзини қалқон қилади, қочишга ёрдам беради. Гаровга олинганлар гувоҳлик беришдан бош тортадилар, полиция билан эмас, балки жиноятчилар билан ҳамкорлик қиладилар, ўз исмларини айтмайдилар.
Бу оғир жароҳатнинг оқибатларини мустақил равишда енгиш деярли мумкин эмас. Улар психологлар ва психотерапевтларнинг ёрдамига муҳтож бўлади.
Стокгольм синдроми – шунчаки «асирлар муҳаббати» эмас, балки руҳий жароҳат натижасидаги психологик механизмдир.
Нега...
Нега ҳали ҳам аёл бахтли бўлиши учун албатта кимнидир қутқариши керак, нега махлуқ инсонга айланиши учун Соҳибжамол қурбон бўлиши шарт?
Нега эркинликни танлаган аёл «яхши қиз» эмас, «худбин»га айланади? Нега фарзанд яхши деган ном олиш учун катталар зўравонлигини табиий қабул қилиши оқланади. Мактабда ўқитувчи ёки раҳбар зўравон бўлса-да, уни ҳурмат қилиш ва танқид қилмаслик ҳолатларидан қачонгача кўз юмилади?
Ҳеч қачон зўравонни оқламанг. Асирликда ривожланган ҳиссиётлар – бу муҳаббат эмас, балки руҳий муҳофаза механизми, қўрқув ва тушкунликдан туғилган боғланишдир. Зўравонга нисбатан афсусланиш ёки уни тушунишга уриниш – жабрдийдага хиёнат қилиш билан баробар. Ҳар қандай зўравонлик – бу зўравонликдир, уни оқлаш мумкин эмас. Ҳиссиётлар билан эмас, ҳақиқат билан яшаш – оғриқли бўлса-да, соғлом йўл. Зўравонликни романтиклаштириш ёки тушунишга уриниш орқали биз яна бир инсоннинг озодлигини ўғирлаймиз. Шунинг учун зўравонни оқламанг – ҳақиқатни тан олинг, жабрдийдани эшитинг, унга ишонинг.
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter