Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асадни ағдарган исёнчиларнинг етакчиси – Ал-Жулоний ким?

Асадни ағдарган исёнчиларнинг етакчиси – Ал-Жулоний ким?

Абу Муҳаммад ал-Жулоний (аслида Аҳмад Ҳусайн ал-Шара) Суриядаги исёнчилар ҳаракати етакчиларидан бири бўлиб, у ерда «Ал-Қоида»нинг бўлимини яратган.

Ал-Жулоний 1982 йилда Саудия Арабистонининг ар-Риёд шаҳрида туғилган. 1989 йилдан буён Сурияда яшайди. «Ал-Қоида» сафига 2003 йилда қўшилган ва Ироқда АҚШ қўшинига қарши курашган. 2006 йилда америкалик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган ва 2011 йилга қадар ҳибсда сақланган.

Унинг раҳбарлигида исёнчилар аёни кунларда Сурияда ҳокимиятни эгаллаб олишди. Бугун у марказсизлаштириш, плюрализм ва очиқлик тарафдори.

Абу Муҳаммад ал-Жулоний Башар ал-Асаднинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган ҳужумга бошчилик қилган сунний «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» (дастлаб «Ал-Қоида»нинг филиали сифатида яратилган, бироқ кейинчалик у билан алоқаларини узган) гуруҳи раҳбаридир.

У жиддий сиёсий ва ҳарбий тажрибага эга эканлиги айтилади. У ҳаракат мақсадлари йўлида ўз сиёсий позициясини бир неча бор ўзгартирди ва баъзида ҳатто буйруқларга бўйсунмай, рақобатчиларни йўқ қилди.

Сурияда Асад режими томонидан бўлинган кўплаб этник ва диний жамоалар ва ўнлаб йиллар давом этган низолар яшайди. Мамлакатда Россия, Эрон, АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланган турли қуролли гуруҳлар фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз манфаатларини кўзлайди.

Кўп йиллар давомида АҚШда террорчи сифатида таснифланган Ал-Жулоний ҳокимият йўлида рақиблари ва собиқ иттифоқчиларини йўқ қилиш билан бирга Суриядаги диний ва этник озчиликларни тинчлантиришга, турли куч ва гуруҳлар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилди.

Бу йўлда «Ҳаят Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) етакчиси кескин чоралар тарафдори бўлган радикал исломчи образидан халос бўлишга ҳаракат қилди. У «Сурия хилма-хиллигини яхшироқ акс эттириш» учун давлат институтларини яратиш ва ҳокимиятни марказсизлаштириш зарурлиги ҳақида гапирди.

«Сурия бир ҳукмдор ўзбошимчалик билан қарорлар қабул қиладиган тизимга эмас, институционал бошқарув тизимига лойиқдир», – деди у ўтган ҳафта CNN телеканалига берган интервюсида. У, шунингдек, Асад режими қулагандан сўнг ҲТШни тарқатиб юборишини айтган.

Ал-Жулонийнинг «Ал-Қоида» билан алоқаси 2003 йилда, у Ироқда АҚШ қўшинларига қарши курашаётган гуруҳлар сафига қўшилган пайтдан бошланган.

У америкалик ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган ва бир неча йил ҳарбий асирлар лагерида яшаган. Айнан шу йилларда «Ал-Қоида»чи Абу Бакр ал-Бағдодий бошчилигидаги ҳаракат Ироқ Ислом давлатини тузди.

2011 йилда Сурия президенти Асадга қарши ҳукуматга қарши намойишлар бошланди, кейин оммавий қатағонлар, кейин эса ҳарбий можаролар бошланди. Кейин ал-Бағдодий ал-Жулонийни Сурияга «Нусра фронти» деб номланган «ал-Қоида» бўлимини яратиш учун юборди.

2013 йилда Суриядаги фуқаролар уруши кучайгани сари ал-Жулонийнинг амбициялари ортди. У ал-Бағдодийнинг «Нусра фронти»ни тарқатиб юбориш ва уни «Ал-Қоида»нинг Ироқдаги бўлими билан бирлаштириб, Ироқ ва Сурия исломий давлатини яратиш ҳақидаги чақириқларини рад этди.

Бироқ ал-Жулоний кейинчалик ИШИДдан ажралиб чиққан «Ал-Қоида»га содиқлигини эълон қилди. «Нусра фронти» ИШИДга қарши курашган ва Суриянинг Асадга қарши қуролли мухолифати сафидаги рақибларининг кўпини йўқ қилган.

2014 йилдаги биринчи интервьюсида Ал-Жулоний Сурия ислом қонунлари асосида яшаши кераклигини айтди ва мамлакатда алавийлар, шиалар, друзлар ва насроний озчиликлар учун жой йўқлигини аниқ айтди.

2016 йилда у биринчи марта жамоатчиликка юзини кўрсатиб, видеомурожаат қилиб, ўз гуруҳи ўзини «Жабҳат Фатҳ аш-Шам» – Сурияни забт этиш фронти деб ўзгартираётгани ва «Ал-Қоида» билан алоқаларини узаётгани ҳақида эълон қилди.

«Ушбу янги ташкилот ҳеч қандай ташқи ташкилотларга алоқаси йўқ», – деган у ўшанда.

Кейинчалик у мустақил исломий ҳаракатлар билан қарама-қаршиликка киришди, бу Ал-Жулоний ва унинг гуруҳининг мавқеини янада мустаҳкамлади: у аслида Сурия шимоли-ғарбий қисмида етакчи кучга айланди.

Ўз кучини мустаҳкамлаб, ал-Жулоний камчилик тасаввур қила олмайдиган ўзгаришларга киришди. Ҳарбий кийимини фуқаролик кийимига алмаштириб, диний бағрикенглик ва плюрализмга чақира бошлади.

У «Нусра фронти» аввалроқ нишонга олган Идлибдаги друзлар жамоасига мурожаат қилди ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар томонидан ўлдирилган курдларнинг оилаларини зиёрат қилди.

2021 йилда Ал-Жулоний PBS телеканалининг америкалик журналистига интервью берди ва ўз гуруҳи Ғарбга таҳдид солмагани ва унга қарши жорий қилинган санкциялар адолатсиз эканини айтган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг