Artel компанияси БМТ Глобал Шартномаси доирасида ўз фаолияти ҳақида батафсил маълум қилди
Марказий Осиёда маиший техника ва электроника ишлаб чиқариш борасида етакчи ҳисобланган «Artel Electronics» МЧЖ (Artel) БМТ Глобал Шартномаси доирасида олиб бораётган фаолияти тўғрисидаги дастлабки ҳисоботини эълон қилди.
UN Global Compact (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал Шартномаси) – ишбилармонлар ҳамжамияти ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, дунё бўйлаб барқарор ривожланиш соҳасида йирик ташаббус ҳисобланади. Унинг таркибига Microsoft, Electrolux, Panasonic ва Nestle каби компаниялар киради.
Artel компанияси Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб дастурнинг тўлиқ иштирокчиси мақомини олган.
Глобал шартномага қўшилиш орқали Artel ўз зиммасига БМТнинг Глобал келишувининг инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда коррупцияга қарши кураш соҳасида 10 та тамойилга риоя қилиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланишнинг 17 та мақсадини амалга татбиқ қилишда ташаббус кўрсатиш мажбуриятини олган.
Мазкур ташаббус иштирокчилари ҳар йили юқорида санаб ўтилган йўналишлар бўйича ўз фаолияти ва ESG (атроф-муҳит, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув) стандартларига риоя қилиш борасидаги ютуқлари тўғрисида ҳисобот берадилар. Artel ҳисоботида компаниянинг 2022 йил ноябригача эришган ютуқлари баён қилинган.
Artel инсон ҳуқуқлари ва меҳнат муносабатларида ходимларнинг овоз бериши орқали амалга ошириладиган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратади. «Раҳбар ва ходимлар учрашуви» мунтазам равишда ўтказилади, шунингдек, ходимларга раҳбарият билан мулоқот қилиш, уларга муаммоларини тўғридан-тўғри хабар бериш имконини берувчи корпоратив ҳисобот тизими йўлга қўйилган. Коррупция ҳолатларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш бўйича компаниянинг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни пайтда компанияда меъёрий ҳужжатлар ва корпоратив қоидаларга риоя этилишини таъминлайдиган доимий комплаенс-ходим фаолият юритади.
Компаниянинг яна бир муҳим лойиҳаларидан бири – бу «Аёллар ривожланиш маркази» бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган мазкур онлайн-платформа нафақат компания ходимлари, балки барча ҳамюртларимиз фойдаланиши учун очиқ тақдим этилмоқда.
Artel компанияси шунингдек, UNFPA ва UN Womenташкилотига аъзо ҳисобланади. Гендер тенглиги тарафдори сифатида Artel, бутун Ўзбекистон бўйлаб #OrangeTheWorld кампаниясини тарғиб қилиб, жамиятда аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича бир қанча лойиҳаларда иштирок этди.
Сўнгги тақдим қилинган маълумотлар шуни кўрсатадики, компаниянинг HP ташаббуслари, айниқса, самарали бўлган. Хусусан, 2022 йилда иш билан таъминланган хотин-қизлар улуши 5 фоизга ошди, кадрлар алмашинуви эса 10 фоизга камайди.
Бугунги кунда Artel атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тадқиқот ва лойиҳалар устида ишламоқда, электр энергияси, газ, сув сарфини камайтирадиган ҳамда жараён самарадорлигини оширувчи технологияларни жорий қилмоқда. Компания, шунингдек, корхоналардан чиқаётган чиқиндиларни баҳолаш ва барқарорлик стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида халқаро маслаҳатчилар билан ишламоқда. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Artel мамлакатимизнинг яшил муҳитини кенгайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида 4000 дан ортиқ кўчат ўтқазди.
Компания мавжуд корпоратив бошқарув тизимини халқаро стандартларга мувофиқ тубдан қайта кўриб чиқди. Кузатув кенгаши жорий этилди, унинг аъзоларидан бири мустақил директор — илгари Samsung вице-президенти лавозимида фаолият юритган жаноб Ким Уи Так ҳисобланади. Шунингдек, Кузатув кенгаши аъзолари орасидан энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва Кузатув кенгашига тавсиялар тайёрлаш учун иккита қўмита тузилди.
Корпоратив бошқарув сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб қолган ижтимоий лойиҳалар қаторида болаларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, ичимлик сувига мухтож ҳудудларни сув билан таъминлаш ва Жиззах вилоятида сув тошқинидан азият чеккан хонадонларни тўлиқ маиший техника воситалари билан таъминлаш каби ташаббусларни амалга оширди.
UN Global Compact – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал Шартномасининг фаол аъзоси сифатида Artel Ўзбекистонда хусусий сектор томонидан «Ўзбекистонда барқарор бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш» мавзусидаги биринчи форумнинг ғоявий рағбатлантирувчиси ва ҳамкор ташкилотчиси сифатида иштирок этди.
Artel компанияси юқорида асосий «нуқталари» санаб ўтилган жараён қамровини 2023 йилда янада кенгайтириб бориш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ҳиссасини давом эттиришни мақсад қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter