Арманистон президентига нисбатан жиноий иш очилди
Арманистон Бош прокуратураси президент Армен Саркисянга нисбатан жиноий иш қўзғатди. Унга президент икки давлат фуқаролигига эга экани ҳақидаги гаплар сабаб бўлган. Бу ҳақда Арманистон юристлари иттифоқи раиси Ара Зограбян ўзининг Facebookдаги саҳифасида маълум қилган.
«Эслатиб ўтаман, 53 нафар адвокат Арманистон президенти Армен Саркисяннинг икки давлат фуқаролиги фактини яшириш билан боғлиқ жиноят юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Махсус тергов хизмати тақдим этилган баёнот асосида жиноят ишини қўзғатишдан бош тортган. Бош прокуратура Махсус тергов хизмати қарорини рад этган ҳолда жиноят кодексининг 1-қисми 325-моддаси («Ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки ундан фойдаланиш») билан жиноят иши қўзғаган», деб ёзади Ара Зограбян.
Аввалроқ, адвокатлар Саркисян 2003-2012 йилларда Буюк Британия фуқаролигига эга бўлганлиги тўғрисида Арманистон Махсус тергов хизмати судига мурожаат қилишган эди. У 2018 йил 2 мартда президент этиб сайланганди. Ҳужжатга кўра, давлат раҳбари номзоди лавозимига қўйилган талаб қондирилмаган.
Арманистон конститутциясига кўра, сўнгги олти йил ичида фақат Арманистон фуқаролигига эга бўлган кишигина президентликка номзодини қўйиши керак.
«Саркисян Буюк Британия фуқаролигининг амал қилиши 2012 йил 1 мартгача тугатилган тақдирдагина президент этиб сайланиши мумкин эди», - дея таъкидлаган адвокатлар.
Эслатиб ўтамиз Саркисян 2018 йилгача республиканинг Буюк Британиядаги элчиси бўлиб ишлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter