Араб мамлакатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни тикламоқда — битим бугун имзоланади
Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср, орадан уч ярим йил ўтиб, Қатар билан алоқаларни тиклашга қарор қилди.
«Ал-Жазира» Кувайт ташқи ишлар вазирлигига асосланиб хабар беришича, Қатар ва Саудия Арабистони қуруқлик ва денгиз чегаралари ҳамда ҳаво кенгликларини ўзаро очишга келишган. Ҳар икки мамлакат ўртасида воситачилик қилган Кувайт томонига кўра, ушбу қарор 4 январдан кучга кирди.
Бунгача «Reuters»нинг АҚШ маъмуриятидаги манбаси Форс кўрфази мамлакатлари саммитида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср раҳбарлари Қатар билан муносабатларни тиклаш бўйича битимга имзо чекиши ҳақида хабар берганди.
Нашрга кўра, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал-Таний уч йилдан бери биринчи марта саммитга ташриф буюради (саммит бугун, 5 январь куни бўлиб ўтади).
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср 2017 йилнинг ииюнида Қатар билан дипломатик алоқаларни бутунлай узганди: қатарликлар терроризмни қўллаб-қувватлаш ва номлари саналган мамлакатлар ички ишларига аралашишда айбланганди.
Ўз навбатида, Қатар ҳукумати бу айбловлар асоссиз эканини қайта-қайта таъкидлаб келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter