Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШнинг венчур жамғармаси Ўзбекистон IТ-саноатига сармоя киритади

АҚШнинг венчур жамғармаси Ўзбекистон IТ-саноатига сармоя киритади

«Thiel Capital» венчур жамғармаси вакиллари.

Фото: «Mitc.uz»

Кеча, 29 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистоннинг IТ-соҳасидаги имкониятларини ўрганиш ҳамда уни ривожлантириш учун сармоя киритиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган «Thiel Capital» венчур жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур жамғармага халқаро «Paypal» тўлов тизими асосчиси Питер Тил томонидан асос солинган. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Жамғарма бугунги кунда «Facebook», «LinkedIn», «Asana», «AirBNB», «Stripe» ҳамда бошқа кўплаб нуфузли компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган ишлаб чиқарувчиларга ривожланиш муҳитини яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда иш бошлаган «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази (MUIC) айни пайтда маҳаллий ҳамда халқаро компанияларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш юзасидан лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, «Thiel Capital» компаниясининг Ўзбекистон IТ-саноатига қизиқиши ҳам айнан мана шу ташаббуслар маҳсулидир.

АКТ вазирлиги вакиллари. Фото: «Mitc.uz»

Учрашувда томонлар мамлакатнинг IТ-саноатини ривожлантириш, хусусан экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни ташкил қилишни муҳокама қилдилар. Ўзбекистон томони меҳмонларни MUIC фаолияти мисолида юртимизда IТ-компанияларга яратиб берилган шароитлар билан таништирдилар.

«Thiel Capital» жамғармаси вакиллари Ўзбекистон ҳукумати соҳага қаратаётган эътиборни ҳисобга олиб, мамлакатда технологиялар соҳасини ривожлантиришда катта имконият борлигини қайд этишди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 январдаги Фармонига кўра, венчур жамғармалари ҳамда улар томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар 2023 йилга қадар ҳар қандай солиқ тўловларидан озод этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг