Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШда торнадолар 50 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди (видео)

АҚШда торнадолар 50 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди (видео)

Фото: «Twitter»

АҚШнинг тўрт штатига торнадо ёпирилди, дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар сони 50 нафардан ошган. Бу ҳақда «ABC News» хабар берди.

Кентукки штати губернатори Энди Бешир бугун тонгги соат 04:00 да ташкил этилган матбуот анжуманида баёнот беришича, қўққисдан торнадолар пайдо бўлиши оқибатида штат ҳудудида камида 50 киши ҳалок бўлган. Хусусан, Мэйфилддаги шам фабрикасида ўнлаб инсонлар қурбон бўлган.

Губернаторга кўра, торнадолардан бири 200 мил (321 км.) масофа бўйлаб ўтиб, ушбу шаҳар ҳамда Принстон шаҳрини вайронага айлантирган. Торнадо оқибатида Мэдисонвиллда хавфли материаллар олиб кетаётган поезд ҳалокатга учраган. Шу боис Бешир федерал миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилишни сўради, Кентуккининг ўзида ФВ эълон қилинган.

«Бу Кентукки тарихидаги энг оғир тунлардан бири», дея таъкидлаган губернатор қутқарув-қидирув ишларига 181 нафар миллий гвардиячи жалб этилганини, қурбонлар сони 75–100 нафарга етиши мумкинлигини қўшимча қилди.

АҚШнинг тўрт штатида камида 18 та торнадо қайд этилган: табиий офат Кентуккидан ташқари, Арканзас, Иллинойс ва Миссурини ҳам қамраб олган.

Фото: «ABC News»

Эдвардсвилл (Иллинойс)да «Amazon» компаниясининг омборига жиддий шикаст етган. Маҳаллий ҳукуматга кўра, камида икки киши қурбон бўлган. Арканзасда эса икки инсон ҳалок бўлгани ва беш киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг