АҚШда президентлик сайлови учун қанча маблағ сарфланди?
АҚШда 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайлов мамлакат тарихида энг кўп маблағ сарфланган овоз бериш тадбири деб баҳоланмоқда.
Financial Times нашри ёзишича, президентликка номзодлар Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп сайловолди кампания учун жами 3,5 млрд доллар сарфлаган. Бундан демократлар номзоди улуши 1,9 млрд, республикачи номзод улуши эса 1,8 млрд долларни ташкил этади.
Қўшма Штатларда президентликка номзодлар ўз сайловолди кампаниясини молиялаштириш учун фуқаролар ҳамда турли сиёсий жамғармалардан хайрия маблағи йиғади.
Ҳаррис номзодини илгари сурган демократик партия сайлов тадбирлари учун 2,3 млрд доллар, Трамп мансуб республикачилар эса 1,8 млрд доллар йиғишга муваффақ бўлган.
FT нашрига кўра, ҳар икки номзод асосий маблағни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарғибот-ташвиқот юритишга сарфлаган. Хусусан, Аризона, Невада, Шимолий Каролина, Пенсильвания, Жоржия, Висконсин, Мичиган каби ҳал қилувчи штатларда кўпроқ маблағ харжланган. Масалан, Ҳаррис ва Трамп Пенсильваниядаги реклама акциялари учун жами 400 млн доллардан кўпроқ маблағ йўналтирган.
Рекламадан кейинги ўринни маъмурий харажатлар эгаллаган. Бу йўналишда Ҳаррис 250 млн, Трамп 210 млн доллар сарфлаган.
Турли айбловлар билан терговга жалб этилган Трамп суд жараёнлари учун 100 млн доллар ишлатгани айтилмоқда.
Open Secrets нотижорат ташкилоти ҳисоб-китоби Financial Times талқинидан анчагина фарқ қилади. Мазкур ташкилот АҚШда президентлик сайлови учун 5,51 млрд доллар сарфланган деб ҳисоблайди.
5 ноябрь кунги сайловда америкаликлар нафақат президент, шунингдек, вице-президент, Конгресснинг 468 аъзоси, 11 нафар штат губернатори ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллари учун ҳам овоз берган.
Open Secrets таҳлилларига қараганда, 2024 йилда президент ва қонунчилик идораси вакиллари сайлови учун жами 15,9 млрд доллар сарфланди.
Дунё аҳли АҚШ тарихида 60-марта ўтказилаётган президентлик сайлови қандай якунланиши, 47-президент ким бўлишини қизиқиш билан кузатмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter