Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ ва Россия мудофаа вазирлари телефонда музокара ўтказишди

АҚШ ва Россия мудофаа вазирлари телефонда музокара ўтказишди

Фото: «EADaily»

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин бугун, 13 май куни телефонда мулоқот ўтказишди.

Улар сўнгги маротаба 18 февралда, Россия Украинага қўшин киритишидан аввал, мулоқот қилишган.

«Халқаро хавфсизликнинг муҳим масалалари, хусусан, Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Суҳбат Америка томонининг ташаббуси билан ташкил этилди», — деб хабар берди РФ мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Пентагон манбалари ҳам икки вазирнинг телефон суҳбати ўтказилганини тасдиқлади. Таъкидланишича, Остин «Украинада ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақириб, алоқани узмаслик муҳимлигини айтган».

АҚШ-Россия мудофаа вазирлари сўнгги маротаба мулоқот қилган 18 февралда Пентагон раҳбари россиялик ҳамкасбидан Украина чегаралари бўйлаб жойлаштирилган Россия қўшинини доимий дислокация жойига қайтаришни сўраганди.

Украинада ҳарбий инқироз бошланганидан бери ҳар икки ҳарбий вазир ўзаро баёнотлар қилишган. Шойгу 19 апрель куни Қўшма Штатлар ва унинг измидаги Ғарб мамлакатлари «махсус ҳарбий операцияни максимал чўзиш»га уринаётганини таъкидлаганди.

Пентагон раҳбари эса Россиянинг ядровий аслаҳалари АҚШ учун ҳозир ва келгусида жиддий муаммо бўлиб қолишини айтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг