АҚШ Саудия Арабистонига 650 миллион долларлик қурол сотади
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Саудия Арабистонига 650 миллион долларлик қурол сотиш бўйича келишувни маъқуллади. Бу ҳақда Axios маълум қилди.
2018 йил охирида АҚШ Сенати Саудия Арабистонини Ямандаги ҳарбий можарода қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши учун жавобгарлиги тўғрисидаги резолюцияларни маъқуллаганди.
АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш тўғрисидаги резолюцияга вето (таъқиқ) қўйган ва валиаҳд шаҳзода Қошиқчининг ўлдирилишида иштирок этгани маълум бўлгандан кейин ҳам унга қурол сотишда давом этган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен феврал ойида Байден Саудия Арабистони билан ҳамкорлик Америка қадриятларини акс эттириши кераклигини аниқ айтганига ишора қилганди. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон «Саудия Арабистонининг фаоллар, диссидентлар ва журналистларга қарши ҳудуддан ташқари таҳдидлари ва ҳужумларига чек қўйиш» зарурлигини ва Қўшма Штатлар бунга тоқат қилмаслигини эълон қилганди.
Худди шу ойда Байден Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳужумларини қўллаб-қувватлашини расман тугатганди. Айни пайтда Вашингтон Ар-Риёдни минтақадаги муҳим иттифоқчи сифатида кўришда давом этмоқда.
Ямандаги қуролли можаро 2014 йилнинг март ойидан бери давом этмоқда. Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий қўшинларини мамлакатнинг бир қисмини назорат қилаётган ҳусий исёнчиларга қарши курашда қўллаб-қувватламоқда. Ғарбда исёнчиларни Эрон қўллаб-қувватлаяпти, дея билишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter