Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигини қўллаб-қувватлаш ниятида собит

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигини қўллаб-қувватлаш ниятида собит

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларини тўлақонли қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда АҚШ савдо вакили Кэтрин Тайнинг Ўзбекистонга ташрифи якунида берилган қўшма баёнотда сўз боради. 

«Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзоликка устувор аҳамият қаратиш борасида қатъиятини тўлақонли дастаклайди, Ўзбекистоннинг савдо тартиботини ЖСТ қоидалари ва принципларига мувофиқлаштириш йўлидаги ички ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга ваъда беради. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон жорий йилда бозорга киришга доир икки томонлама музокараларда сезиларли илгарилаш рўй берганини олқишлаб, яқин истиқболда уни якунлаш борасида муштарак манфаатдорлик изҳор қилади», – дейилади қўшма баёнотда.

Вашингтон Тошкентнинг миллий қонунчилик ва амалиётни ЖСТ битимларига мослаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган.

Савдо вакили Кэтрин Тай АҚШ Конгрессининг Умумий имтиёзлар тизими дастурини жонлантириш ва янгилаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қайд этган ва Ўзбекистон экспортини диверсификация қилишда GSP ролини алоҳида эътироф қилган.

АҚШ томони интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги барқарор ижобий ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон Махсус 301 кузатув рўйхатидан чиқарилганини олқишлаган ва бу борада ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

Вашингтон ва Тошкент хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иқтисодий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш мажбуриятини олган.

Томонлар савдо ҳамда сармоя робиталарини диверсификация қилиш ва устувор иқтисодий йўналишлар бўйича мулоқотни кучайтиришга келишган.

Таъкидланишича, ошкоралик ва ўзаро маслаҳатлашув янада самарали меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, нотариф тўсиқларнинг олдини олиш ва камайтириш, халқаро савдо мажбуриятларига риоя этилишини қўллаб-қувватлаш учун замин яратади, иқтисодиётнинг узоқ муддатли барқарорлигини ошириш ва инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Аввал хабар берганимиздек, 11-12 июнь кунлари юртимизда меҳмон бўлган АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши, GSP тизимини қайта тиклаш, «C5+1» формати ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Америкалик меҳмон ташриф давомида Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан ҳам учрашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг