Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонга энергетика муаммоси ечимида ёрдам кўрсата оладими? Элчи жавоб берди

АҚШ Ўзбекистонга энергетика муаммоси ечимида ёрдам кўрсата оладими? Элчи жавоб берди

Вашингтон Ўзбекистонда айни пайтда кузатилаётган энергетика муаммоларига бефарқ эмас. Бу ҳақда АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳэник «Америка овози» радиосига берган интервьюсида гапирган.

Дипломатга кўра, Қўшма Штатлар энергетика тизимини ислоҳ этишда Ўзбекистонга кўмак бера олади, аммо қисқа муддатда эмас.

«Аҳоли ҳаёти оғирлашганидан, албатта, ташвишдамиз. АҚШ ёрдам бера оладими? Ёрдам бера оламиз, деб ўйлайман, лекин қисқа муддатда эмас. Биз газ таъминотини ошириб бера олмаймиз, лекин узоқ муддатда тизимдаги нуқсонларга барҳам беришда мадад кўрсата оламиз. Бу иқтисодий ислоҳотларнинг ва минтақавий ҳамкорликнинг самараси бўлиши керак. Уларга асосланиб, тизимлар яхшиланади, мувозанатга эришиш мумкин. Хусусийлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш керак. Энергетика саноатига сармоя қилиш керак. Лекин, афсуски, буларни ҳозир зудлик билан қила олмайсиз», – дейди элчи.

Айни чоқда, дипломат муқобил энергия бўйича ҳамкорлик салоҳияти катта эканини урғулаган.

«АҚШ компаниялари муқобил энергия соҳасида ажойиб технологиялар таклиф қила олади. Бу борада потенциал катта. Ҳамкорликда улкан лойиҳаларга қўл уриш мумкин. Ўзбекистон раҳбари ва ҳукумат муқобил энергияга қанчалик қизиқиши ва унга сармоя қилаётганини биламиз. Бизнинг махсус элчимиз Жон Керри иқлимдаги салбий ўзгаришларга қарши чоралар устида бош қотириб, янгиланадиган энергетикани тарғиб қилади. Ўзбекистон ва АҚШ бу йўналишда ишлай олади», – дейди у.

Ўзбекистон равнақида хориж сармояси сув билан ҳаводек зарур экани сир эмас. Бу борада гап кетганда, Ғарб, жумладан, АҚШдан сармоя жалб қилиш мушкуллиги, чунки инвестиция киритишнинг талаб ва шартлари юқори экани айтилади. Кенг тарқалган қарашга кўра, Хитой, Россия, Форс кўрфазидан эса шартларсиз сармоя жалб этиш мумкин. АҚШ элчиси суҳбат давомида бу фикрга ҳам муносабат билдирган.

«Географик жиҳатдан бошқа давлатлар биздан осонроқ эканини инкор эта олмаймиз. Тил, маданият, алоқалар, ҳаммаси муҳим роль ўйнайди. Бироқ Америка компанияларнинг ўзига хос жиҳатлари талай ва ундан фақат фойда кўрасиз. АҚШ сармоясининг сифати юқори. Бу «биздан бугина, сиздан угина» қабилидаги бизнеслар эмас. Улар узоқ муддатга сармоя қилади. Улардан келадиган наф чексиз, деган бўлардим... АҚШ бизнеси кадрлар тайёрлашга, таълим ва тренингларга эътибор қаратади. АҚШ сармояси маҳсули ўлароқ лидерлар етишиб чиқади. Бу лидерлар фақат ўз соҳасида эмас, минтақа ва дунё бўйлаб таъсир кучига эга мутахассислар бўлади», – дейди Ж.Ҳэник.

Элчининг таъкидлашича, расмий Тошкент ташқи сиёсатда Вашингтон, Москва ёки Пекиндан яккаш бирини танлашга мажбур эмас.

«Биз 100 фоиз самимият билан айтамизки, Ўзбекистондан бирор томонни танлашни кутмаймиз, сўрамаймиз. Қўшнилар ва бошқалар билан қандай муомала қилиб, алоқа юритади, улар ўзлари ҳал қилади ва табиийки, кўп векторли, мувозанатли ташқи сиёсат тарафдорлари. Мустақилликни асраб қолиш учун бу муҳим ва АҚШ буни фақат қувватлайди. Биз ишонамизки, АҚШ уларга кучли шерик бўла олади. Биз билан ҳамкорлик унинг бошқа давлатлар билан алоқалари совуқлашишига етаклашини хоҳламаймиз», – дейди сиёсатдон.

Аввал хабар берганимиздек, Жонатан Ҳэник жорий йил 24 ноябр куни АҚШ элчиси сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширди.

Мамлакатимизда эндигина иш бошлаган дипломат «Америка овози» билан суҳбатда фаолияти давомида иқтисодий ва тижорий алоқалар, Ўзбекистон президентининг ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлаш, ҳарбий алоқаларни кучайтириш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлаган.

«Биз Ўзбекистон демократик жиҳатдан мустаҳкамланиб, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ошишини хоҳлаймиз. Буни қандай амалга оширишни Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу иш Ўзбекистон давлати ва халқи қўлида», – дея хулоса қилган Ж.Ҳэник.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг