АҚШ ҳукумати ўзи жорий этган тақиқни ўзи бузгани маълум бўлди
АҚШ президенти Жо Байден 2021 йилда Исроилнинг NSO Group ширкатига нисбатан санкция жорий этган. Бунга мазкур ширкат ишлаб чиқарган Pegasus дастуридан ноқонуний равишда, жосуслик мақсадида фойдаланилгани сабаб бўлган. Аммо тақиқ жорий этилганидан беш кунгина ўтиб, АҚШ ҳукумати NSO Group билан Cleopatra Holdings деб аталган қўлбола фирма орқали махфий шартнома имзолаган. Бу ҳақда The New York Times газетаси хабар берди.
Битимда Исроил компанияси АҚШ ҳукуматига Landmark жосуслик дастурини етказиб бериши белгиланган. Ушбу дастур телефон рақами орқали унинг эгаси қаерда эканини аниқлаш имконини беради.
Оқ уй АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид деб топган ва «қора рўйхат»га киритган NSO Group билан битим тузишга қайси идора рухсат бергани ҳозирча аниқ эмас. Жо Байден маъмурияти вакили бу ҳолатдан энди хабар топганини айтиш билан чекланган. Миллий разведка идораси эса изоҳ беришдан бош тортган. Суриштирувлар шартнома ҳамон кучди эканини кўрсатган.
NSO Group Исроилнинг жосуслик дастурлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган IT ширкатидир. Хусусан, у ишлаб чиқарган Pegasus дастури iOS ва Android тизимидаги қурилмаларга ўғринча жойлашиб, улардан хабар, фотосурат ва электрон почта хабарларини кўчириш, қўнғироқларни ёзиш олиш ва микрофонни яширинча фаоллаштириш имконини беради. Дастур GPS маълумотларига эга чиқиб, гаджет эгасининг қаерда юрганидан ҳам бохабар бўлади.
Pegasus иловаси дастлаб террорчиларни кузатиш мақсадида ишлаб чиқилгани эълон қилинган. Аммо 2021 йилда The Guardian ва яна ўндан зиёд нуфузли нашр журналистлари биргаликда ўтказган суриштирувда бутун дунёдаги ҳукуматлар ва махсус хизматлар Pegasus жосуслик дастуридан журналистлар, мухолиф сиёсатчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва компания раҳбарлари телефонларига ҳакерлик ҳужуми мақсадида фойдалангани аниқланди.
Европа Иттифоқининг бир қатор юқори мартабали мулозимлари ҳам ушбу жосуслик дастури орқали ноқонуний кузатилгани фош этилди.
Аввал хабар берганимиздек, ушбу можаро фонида дастурчилар смартфонда айғоқчи дастур бор-йўқлигини аниқловчи илова ишлаб чиққан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter