АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича аҳвол яхшиланганини эътироф этди
АҚШ Давлат департаменти 2018 йил дунёдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик маърузада (2019 йил 13 март куни чоп этилган) Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ахборотида хабар берилди.
«Хусусан, аввало жиноий одил судлов, суд жараёнининг кўпроқ шаффофлигини таъминлаш, айбловчи далиллар базасидан фойдаланишга ҳимоячи томонига кенгроқ изн берилиши таъминлаши ва натижада оқловчи қарорлар сонининг кўпайиши соҳаларидаги ишларга маърузада объектив баҳо берилиши диққатга сазовордир.
Ҳужжатда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги, қийноқлардан ҳамда бошқа муомала ва жазонинг ноинсоний ёки шарафини камситувчи турларидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилиниши, шунингдек, бундай жиноятлар учун масъулият кучайтирилиши эътироф этилган» дейилади хабарда.
Сўз ва ифода эркинлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар доирасида матбуот эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фаоллари билан очиқ муносабатлари эътироф этилаётгани айтилган.
Маърузада диний экстремизмда гумонланган минглаб шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рўйхатидан чиқарилиши, шунингдек, кўплаб афв этиш ҳолатлари ва уларнинг ижтимоий мослашувига қаратилган дастурлар алоҳида қайд этилган.
«Human Rights Watch» ва «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» маълумотларига асосланиб «Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани» маърузада эътироф этилиши диққатга сазовордир.
Ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муваффақиятли қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар алоҳида кўрсатилган. Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тараққиёти АҚШ Давлат Департаменти ва Меҳнат Департаментининг 2018 йилдаги тегишли баёнотларида бир неча бор эътироф этилган.
Ўтган йилнинг декабр ойида АҚШ Давлат котиби баёнотида Ўзбекистон «диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан» чиқарилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter