Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Келгуси йилдан мансабдорларни лавозимга тайинлашда янги тизим жорий этилади

Келгуси йилдан мансабдорларни лавозимга тайинлашда янги тизим жорий этилади

Ҳукуматнинг давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишига риоя этилаётганини аниқлаш тартибини жорий этишга оид қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра, давлат органлари фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланишига риоя этилаётганини рейтинг асосида баҳоловчи Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индекси жорий этилади.

Бунда, Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индекси қуйидаги йўналишлар бўйича статистик кўрсаткичлар ва ўтказиладиган ижтимоий сўровлар натижалари асосида аниқланади:

  • жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини давлат органининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахси томонидан шахсий қабуллари ҳолати;
  • жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини давлат органининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахси томонидан сайёр шахсий қабуллари ҳолати;
  • жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини давлат органининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахси томонидан оммавий қабуллари ҳолати;
  • Президент Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхона веб-сайти, “Онлайн маҳалла” платформаси, ишонч телефон рақами, мобил илова орқали келиб тушган шикоятлар ҳолати;
  • давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиши ҳолати.

Шунингдек, лойиҳада 2025 йил 1 январдан бошлаб мансабдор шахсларни лавозимга тайинлаш (сайлаш), хизмат бўйича лавозимини кўтариш ёки туширишда, махсус унвонлар беришда Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индекси натижаларини инобатга олиш режалаштирилмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси билан Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индексини акс эттирувчи индикаторлар ҳамда ушбу индексни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланяпти.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари индексини аниқлаш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Давлат органлари ҳамда Президент Халқ қабулхоналари томонидан тизимга тегишли статистик маълумотлар ҳар йили 1 февралга қадар киритиб борилади.

Мазкур ҳужжатни қабул қилиниши янги таҳрирдаги Конституциянинг 20-моддасида белгиланган нормаларни, хусусан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, шунингдек инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилашини аниқлаш механизми яратилади.

Шунингдек, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига хизмат қилади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг