Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда вeлосипeдлар учун рангли йўлаклар барпо этилмоқда

Андижонда вeлосипeдлар учун рангли йўлаклар барпо этилмоқда

Фото: «Uza.uz»

Андижон шаҳрининг қатор ҳудудларида велосипедлар учун махсус йўлакчалар барпо этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳат ўша гўшанинг йўллари, инфратузилмаси ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Андижон шаҳрининг 1- ва 2- кичик даҳаларида велосипедлар юриши учун яшил ва қизил йўлакчалар барпо этилаётганлиги аҳолига янада кенг қулайликлар яратади.

Велосипедлар учун йўлакча қурилиши, энг аввало, автомобиллар қатнови учун ноқулайлик туғдирмайди. Бу эса нафақат йўл ҳаракати хавфсизлиги, балки экологик мусаффолик таъминланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда Андижон шаҳри биринчи кичик даҳасида 1 минг 650 метр қизил рангдаги вело йўлакчалари қуриб битказилган бўлса, шаҳарнинг иккинчи кичик даҳасида 1 минг 190 метр яшил рангдаги вело йўлакларни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Айниқса, эрталаб ишга бориш ва ишдан қайтиш пайтларида шаҳарнинг асосий йўлларида тирбандликлар юзага келади. Шу боис, ишга велосипедда бориб-келишни маъқул топаман. Бу энг аввало, хавфсиз, қолаверса, саломатлигим учун жуда фойдали. Шаҳримизда велосипедлар учун махсус йўлакчалар барпо этилаётганлигидан жуда хурсанд бўлдим», — дейди Андижон шаҳрида яшовчи Аъзамжон Қодиров.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, Андижон шаҳрининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи кичик даҳаларида ҳам велосипед йўлаклари ўзига хос рангларда бунёд этилиши режалаштирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг