Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижон: «тескари каратин»га мантиқсиз чора?!

Андижон: «тескари каратин»га мантиқсиз чора?!

Фото: Xabar.uz

Бутун мамлакат коронавирусга қарши курашаётган бир пайтда айрим раҳбарлар яна эски ҳурмача қилиқларини бошлаб қолибди, деб ёзмоқда «Xushnudbek.uz».

Меҳнат вазирлигининг хабар беришича, Андижон тумани ҳудудидаги адирликка 10-11 апрель куни ёнғоқ кўчатлари экилган ва бунда Андижон вилояти сув хўжалиги бошқармасига қарашли корхона ишчилари мажбурий тарзда жалб этилган.

Шу сабабли корхона раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан, яъни меҳнат қонунчилигини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилибди.

Буёқда Меҳнат вазири «Cotton Campaign»га мурожаат қилиб, Ўзбекистон мажбурий меҳнатга чек қўйиш бўйича катта натижаларга эришгани учун ўзбек пахтасидан бойкотни олиб ташлашга чақириб турган бир пайтда, Андижонда ўзи хон, кўланкаси майдон тўралар карантин пайти одамларни мажбурлаб ёнғоқ экишга олиб чиқаётганига нима дейиш мумкин?!

Бундан ташқари, аҳолига карантин пайти бирламчи зарур бўлган тиббиёт ниқобини тайёрлаб, 260 та иш ўрнини яратган тадбиркор-фуқарони «қонунни буздинг» деб 157 млн сўмлик товарлари олиб қўйилиб, яна унга нисбатан санитар қоидаларни бузганлиги учун жиноят иши очишган бир пайтда, коронавирус тарқалиши энг пик нуқтага чиққан 10-11 апрель кунлари ходимларини ёнғоқ экишга, яъни коронавирусга қарши курашишда бир тийинлик фойдаси йўқ ишга МАЖБУРЛАБ олиб чиққан давлат корхонаси раҳбарига оооооддийгина маъмурий жавобгарлик қўллашгани қайси мантиққа сиғади? Иккаласи ҳам қонунни бузган бўлса, иккаласига ҳам бир хил чора қўлланилмайдими?

Ёки фуқарога бошқача чора, давлат мансабдорларига бошқача чорами? Ёки қонунлар Чирчиқда бошқача, Андижонда бошқачами?

Биз ё ҳамма учун қонунларни бир хилда амал қилишини таъминлаймиз, ёки қонунбузарларга ҳар ким ўз билганича, яъни ўз ўлчови билан турли хил субъектив жазо кўриб яшайди. Тегишли ташкилотлар бунга ҳам муносабат билдирармикин ёки ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп бўладими?

...«Хushnudbek.uz»га ўзимиздан қўшимча қилсак, шу йилнинг 31 март куни Андижон вилоятида бир қатор бюджет ташкилотлари ходимлари кўча тозалашга олиб чиқилганига оид хабар берилганди.

Унда ҳокимият мансабдорлари томонидан эрта тонгдан «ҳашар»га олиб чиқилганлар Андижон шаҳрининг аэропортидан то  марказий кўчаларигача ободончилик ишлари олиб боргани, айниқса, Хўжаобод туманида қурилаётган «Андижон шаҳарчаси» массивида ишлар авжига чиққани фотосуратлар билан ёритилганди. Андижоннинг ўзида бир нечта шифохона каратинга олинган, шаҳарга кириш-чиқиш ёпилган, энг асосийси, шу шаҳарнинг ўзида ўнга яқин бемор даволанаётган пайтда  бунақа «ҳашар» уюштирилганини на мутасаддилар инкор этди, на тасдиқлади.

Вазирлик жим, ИИБ жим, ҳатто прокуратура ҳам!

Оддий фуқаролар каратин талаблари бузса, оёғини ерга теккизмай тиқиб қўйилаётган пайтда Андижондаги маҳаллий амалдорларнинг хатти-ҳаракатларига мутасаддилар томошабинликдан нарига ўтмаётганига, рости, тушуниш қийин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг