Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Андижон машина заводи 3−4 йилдан кейин бизга керак ҳам эмас» — президент

«Андижон машина заводи 3−4 йилдан кейин бизга керак ҳам эмас» — президент

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқот давомида Асакадаги UzAuto Motors автомобиль заводи фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди, деб хабар берди «Газета.uz».

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 5 йил аввал Андижонга ким келса GM (UzAuto Motors`нинг олдинги номи) автомобиль заводидан бошқа кўрсатадиган ҳеч нарсамиз йўқ эди, дея таъкидлади.

Ўз навбатида давлат раҳбари завод 35−40 фоиз зарарга ишлаганини, ҳаражатлар давлат томонидан қоплаб келинганини қайд этди.

«Бирор марта маҳсулотини фойда билан ишлаб чиқармаган. Агар ҳозиргидек рақобат бўлиб, заводни кенг океанга қўйиб юборганимизда машина сони кўпаяр, ҳам арзон, ҳам рақобатбардош бўларди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев завод берилган солиқ ва бошқа имтиёзларга қарамасдан ҳеч қачон халқ манфаати учун хизмат қилмаганини таъкидлади.

«Экспортга юборган машинамизни ички бозорга нисбатан 30−40 фоиз арзонроқ қилиб сотар эдик. Чегарадан ўтказиб қўяр эдик-да, экспорт қилаяпмиз дер эдик. У экспорт эмас, бало эди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент келгусида рақобат муҳити шаклланиши натижасида завод ҳам иш фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишига тўғри келишини қайд этди.

«Андижон машина заводи 3−4 йилдан кейин бизга керак ҳам эмас. Нимага десангиз, мана Тошкент вилоятида, Наманганда очиляпти, Жиззахда ҳеч ким тасаввур қилмаган 2−3та завод очаяпмиз. Шунинг учун биз Андижон заводини кўрсатганимизда ҳам фақат расмини кўрсатар эдик, биноси чиройли эди. Ичи (ишлаб чиқариши назарда тутилмоқда — таҳр.), иқтисодиёти маъқул эмас эди», — деди давлат раҳбари.

Андижон вилояти хокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, авваллари вилоят иш ўринлари яратишда фақат заводга умид боғлаган эди, бироқ ҳозир минглаб одамларни иш билан таъминлашга қодир тадбиркорлар фаолият юритмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг