Амерсфорт концлагеридаги ўзбек асирлари қаҳрамонлиги ҳақида ҳужжатли фильм ишланмоқда
Самарқандда Иккинчи жаҳон уруши даврида юз берган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли киноасарни суратга олиш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Мазкур фильм 1941 йилда Смоленск остонасида асир тушган ва Голландиянинг Амерсфорт концлагерига жўнатилган 101 нафар ўзбек ўғлони ҳақида ҳикоя қилади. Йигитларни нацистларнинг ғоявий раҳнамоларидан бири - Геббельснинг шахсий топшириғига биноан, немис аскарлари «ёввойи халқлар» билан қандай курашаётгани ҳақидаги тарғибот фильмини суратга олиш учун тайёрлашади. Гитлернинг Совет Иттифоқини яшин тезлигида босиб олишга қаратилган режаси барбод бўлгач, ушбу асар немис аскарларининг тушкун руҳини кўтариши, рақибларнинг «қанчалик ночор ва инсонийликдан йироқ» эканини кўрсатиши лозим эди.
Ана шу мақсадда нацистлар 101 нафар ўзбекистонлик асирни танлаб олишди ва уларга маълум вақт мобайнида овқат беришмади. Немисларнинг суратга олиш гуруҳи етиб келганида, очликдан силласи қуриган ўзбек асирларининг олдига битта буханкани ирғитишади. Уларнинг назарида асирлар бир бурда нон учун бир-бирини ғажишга тайёр туриши керак эди. Аммо, ҳаммаси бошқача тус олди. Ўзбеклар нонни тенг бўлакларга тақсимлаб, бир-бирларига узатишди.
Нацистлар бундан ғазабга минишди. Асирларни роса тепкилашди, кейин эса, отиб ташлашди. Шу тариқа Геббельснинг ваҳшиёна режаси йўққа чиқди.
Амерфорт лагерида ҳалок бўлган 101 йигит фронтга Самарқанд вилоятидан боргани тахмин қилинмоқда. Шу боис, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан голландиялик кинематографлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан молиялаштирилмоқда.
Бу тарихий воқеани голландиялик журналист Ремко Рейдинг 20 йилдан бери тадқиқ қилиб келади. У айни пайтда Ўзбекистонга ташриф буюриб, инсонпарварлик ва қаҳрамонликни тасвирловчи ушбу киноасарни суратга олиш жараёнида иштирок этмоқда.
Мазкур ҳужжатли фильмни Разика Мергенбаева сценарийси асосида режиссёр Шуҳрат Маҳмудов суратга олмоқда
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter