Концлагердаги бухоролик аёллар, ғалаба кунида яраланган жангчи (фото)
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Бухоро ўзининг 55 449 нафар асл фарзандини фронтга жўнатган. Шундан 176 нафари хотин-қизлар бўлган. Уларнинг 28 146 нафаригина ўз юрти омон қайтган. Оловли жанг майдонларида 27 303 бухоролик Иккинчи жаҳон уруши қурбонига айланган.
Вафот этганларнинг 13 669 нафари фронтда қаҳрамонларча ҳалок бўлган бўлса, 13 634 нафари бедарак йўқолган. Оғир йилларда 11 193 нафар кексаю-ёш бухороликлар фронт ортидаги машаққатли, уруш даври учун ўта муҳим бўлган ишларга жалб қилинишган.
Ҳозирда Бухоро вилоятида 7 нафар иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонишга муносиб улуш қўшган нуронийлар умргузаронлик қилиб келмоқда.
Маълумки, юртимизда байрамлар арафасида кексалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш халқимизга хос анъаналардан бири. «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигида журналист ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқа жамоатчилик вакиллар 7 нафар нуронийларнинг хонадонида бўлишди.
«Ёш ботир» нинг ботир отахони
Олот тумани, «Ёш ботир» маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳожимурод ота Бектошев бу йил 98 баҳорни қарши олган. 1926 йилда туғилган отахон урушда ўқчи полкида хизмат қилган. Польша ва Латвияни озод этишда қатнашган. Ҳарбий хизматдан сўнг Олот туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 7 нафар фарзанднинг отаси, 41 невара, 30 чеваранинг севимли бобоси бугунги кунда яқинларининг ардоғида.
«19 ёшимдан бошлаб, урушда ўқчи полкида хизмат қилдим. Урушда кўп қийинчиликлар кўрдик. Совуқ қиш чиллаларида қўлқопсиз қўлларимизга худди автоматлар ёпишиб қоларди. Иссиқ жазирамаларда эса қўл териларимиз қўпорилиб тушар, шундоқ кафтимиз гўштлари липиллаб турарди. Тирноқларимиз оғриқлардан ивиб тушарди. Шундай пайтларда ҳам иродамизни бутун тутардик. Чекиниш хаёлимизга ҳам келмасди. «Танасида жони бор, қимирлай оладиган киши борки, томчи қонингиз қолгунга қадар душманга қарши олға!»-деган даъват ва чақириқ бизга куч бағишларди»,- Ҳожимурод Бектошев.
Уруш қатнашчисининг сўзига кўра, у ҳарбий хизматни 98-захира ўқчи полкида ўқчи лавозимида бошлаган. У урушдан сўнг яна уч йил уруш талофатлари етган манзилларда қурилиш-тиклаш отрядларида хизмат қилган. 26 ёшида Бухорога қайтган. Мактабда 45 йил ўқитувчилик қилган.
«Хотира ва қадрлаш» куни муносабати билан отахоннинг уйи янада гавжумлашди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳожимурод отага соғлигини тиклаши учун доимий масъуллар бириктирилди.
Бухоро шаҳридаги «Ширбудин» кўчасида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари Райде Ресутова ҳамда Катизе Менсеитовалар 1941-1945 йилларда Ленинград шаҳри қамали даврида шаҳар корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларида ишлашган.
Фашистлар концлагерида бўлган аёллар
«Мен, аслида, Қрим Республикаси Ичкин туманидаги Беруня Бесут қишлоғида 1930 йилда туғилганман. Урушдан сўнг Бухорога келганман. Германиянинг Ганновер шаҳридаги фашистлар концлагерида Бранщевой темир бетон заводида ишлаганман. Жуда оғир йиллар эди. У кунларни ёдлаш, хотирлаш ва ёшларга сўзлаб бериш биз учун фарз. Лекин сўзлаш ҳам қийин, жуда қийин. Тасаввурларингга сиғмайди, ҳатто. Тинчлик бўлсин дунёда, уруш бўлмасин!»-сўзлади Райде Ресутова.
Катизе Менсеитова ҳам Қримда дунёга келган. Германиянинг Ганновер шахридаги «Гетто» фашистлар концлагерида онаси билан бўлган.
«Фашистлар концлагерида шафқат отлиғдан нишон ҳам йўқ эди. Жисмоний, руҳий азоб беришлари ҳақида сўзлашни истамайман. Худди кечагидек эсимда: бир бурда қотган нонни тиканли симтўр ортида жон талашиб ётган 30-40 асирга қараб отишарди. «Ҳозир бир бурда нон учун бир-бирини ўлдиришади»,-дейишарди истеҳзоли кулги билан. Йўқ. Улар ўйлагандек бўлмасди. Бир бурда қотган нонни илиб олган асир уни тўйиб-тўйиб ҳидлаб, ҳаммага тенг улашарди. Ушоқдек-ушоқдек қотган нон ҳам жонимизга оро эди... Бугунги кунда эса сал суви қочган ёхуд озгина кўкарган нонларни ахлатхоналарга ташлаб кетаётган одамларни кўриб, оғринаман. Инсофга чақираман... Биз кўрган оғир кунларни ҳеч ким кўрмасин»,-дейди Катизе Менсеитова.
Урушдан сўнг ҳар иккала онахон уруш қатнашчилари ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланишган.
Оддий аскар Аҳмад Муҳсинов
«Оддий аскар Аҳмад Муҳсинов Президентимиз томонидан берилган пул мукофоти ҳамда совғаларини қабул қилади! Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!»-дея тантанали сўз ва мийиғида кулги билан мукофотни олар экан, хонадонига келган меҳмонларни ичкарига таклиф қилади Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Бухоро шаҳрилик уруш фахрийси, ички ишлар органлари фахрийси 101 ёшли Аҳмад Муҳсинов 1924 йилда туғилган. Мансабдор лавозимларда ишлаган. Спорт билан доимий шуғулланган. Ўз фаолиятига қатъият ва матонат билан ёндошган.
«Иродам бутун, ўзим тетик бўлсам ҳам, уруш ҳақида сўз очилганда, ҳали-ҳануз вужудим чайқалиб кетгандек бўлади. Ҳар йили шу кунни кўз ёш билан қаршилайман! Эҳ, болам, шу кунларга етишга, қонли жанггоҳлардан омон қайтишга ишонмаганмиз. Кўз олдимизда фашизмнинг қақшатқич зарбасидан қайсидир фронтдошларимизнинг боши учиб кетиб, тани жон талвасасида қийналар, кимнингдир қўли, бир дафъада яна кимнингдир оёғи узилиб, учиб кетарди»,-дейди суҳбатдош.
Кўксини орден-медаллар безаб турган Аҳмад Муҳсинов навқирон 19 ёшида Бухоро шаҳридан ҳарбий хизматга, аниқроғи, фронтга йўл олган. Урушдан сўнг унинг қарийб, 20 йиллик фаолияти ички ишлар тизимида кечган.
«1947 йилгача қирғинбарот жанггоҳда, сўнг Европанинг турли давлатларида армия сафида бўлдим. Худога шукур, жонажон Ватанимга соғ-омон қайтиш насиб этди. Урушдан кейинги йилларда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети)нинг тарих факультетида таҳсил олдим. Бир муддат ўрта мактабда педагог сифатида ёшларга сабоқ бердим»,-дея сўзида давом этади, 101 ёшни қаршилаган отахон Аҳмад Муҳсинов.
Ғалаба куни яраланган жангчи
Катта ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган Бухоро шаҳрилик Норбой ота Қаршиев 1926 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. 1944 йилнинг ноябрь ойида Бухоро шаҳри ГВК томонидан ҳарбий хизматга чақирилган. Ўқчи двизиясида хизмат қилган Норбой ота Берлин, Германия остоналарида жанг қилиб, фашизм устидан қозонилган ғалаба кунида ўнг қўлидан жароҳатланган.
«Ғалаба қудрати шу қадар жисму-руҳимизга куч бергандики, мен ўшанда, ҳатто, оғриқни ҳам сезмадим. Қўлларимдан тиззиллаб қон оқаяпти, биз фронтдошларимиз билан бағирлашиб, бақиришиб, бир-биримизни осмонларга кўтариб отамиз... Етказганига шукур!»-дейди отахон.
Норбой ота Қаршиев «Жасорат» медали, Иккинчи даражали Ватан уруши орденлари билан тақдирланган. Ҳозирда эса давлатимизнинг алоҳида эътиборида яшамоқда.
Жангчи боғбон бобо
Пешкў туманидаги «Талисобун» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Назар ота Шеров эса урушга жўнаб кетган пайтида навқирон 18 ёшда бўлган. У 1945 йил апрель ойига қадар Украина фронтида йигитлик бурчини ўтаган. Айнан шу вақтда жанг майдонида ўнг оёғидан яраланган. Бир муддат даволаниб, яна фронтга қайтган. Украина, Польша давлатларини озод этиш учун кечган оловли жангларда қатнашган.
Урушдан кейин узоқ йиллар қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилиб, ҳурмат-эътибор топган Назар ота 10 нафар фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшган. Айни кунда бир этак невара-эваралар қуршовида дориломон кунлар шукронаси билан яшамоқда. Назар ота шу ёшда ҳам боғ яратиб, томорқаларни яшнатишда ўзи бош-қош. Уни невара-эваралари «жангчи боғбон бобомиз» дея суйиб, ардоқлашади.
«Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди Назар ота қадоқ қўлларини дуога очиб.—Бизни эъзозлаганлар ҳеч қачон кам бўлмасин!»
102 ёшли уруш фахрийси
Бухоро туманидаги Арабхона қишлоғида истиқомат қилиб келаётган Файзулло бобо Ҳожиев ҳам табаррук ёшдаги отахонлардан. Бу инсон эндигина йигирма ёшга кирганида Иккинчи жаҳон урушига йўл олган. Аёвсиз жангларда уч бор яраланган. 1945 йилда она юртга қайтиб, халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилган. Беш ўғил, беш қизнинг отаси бўлган Файзулло ота «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Табаррук 102 ёшни қаршилаётган отахон дуога қўл очиб, юртга тинчлик, халққа фаровонлик ва бахт-саодат, соғлик-омонлик тилади.
«Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир»,-деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter