Америкада 36 миллион одам очликдан қийналмоқда — Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда сўзлаган нутқида ҳозирги вақтга келиб 36 миллион америкалик очликдан қийналаётганини таъкидлаб ўтган.
Байден ўзининг 1,9 триллион доллар миқдорида рағбатлантириш ҳақидаги ваъдасини тез орада бажаришини таъкидлаб ўтган.
«Иқтисодиёт ҳали ҳам қийин аҳволда эканлиги аниқ. 10 миллиондан ортиқ одам ишсиз, шундан 4 миллион киши сўнгги олти ой давомида ишсиз қолганлардир. 24 миллион катталар ва 12 миллион болалар озиқ-овқат етишмаслигидан қийналмоқдалар. Биз тез орада бунга ечим топишимиз керак», — деган у.
Жо Байден аҳолига эмлаш дастури учун яна 160 миллиард доллар ажратилишини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, у ушбу миқдорни камайтирмаган ҳолда муҳтожларга 1,4 минг доллардан тўлаш ҳақидаги ваъдасини бажариш ниятини билдирган. «Бу Америка халқига ваъда қилинган эди», деган у.
Январ ойи бошида АҚШ ялпи ички маҳсулоти ўтган йили 3,5 фоизга пасайгани, бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг ёмон кўрсаткич эканлиги ҳақида хабар берилган эди.
Коронавирус пандемиясидан АҚШга етказилган зарар 16 триллион долларга баҳоланмоқда, деганди собиқ молия вазири Лоуренс Суммерс. Ушбу миқдорнинг қарийб ярими карантин ва ишлаб чиқаришнинг айрим тармоқлари фаолияти тўхтатиб қўйилиши билан боғлиқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter