Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Аҳмадбой»нинг кўриниши чаккимас: «ўтирган» одамга ўхшамайди-я...

«Аҳмадбой»нинг кўриниши чаккимас: «ўтирган» одамга ўхшамайди-я...

Фото: «Kun.uz»

«Аҳмадбой» номи билан танилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтиб, судланувчиларга тегишли жазо тайинланганидан хабарингиз бор.

Ҳукмдан кейин «Аҳмадбой»нинг ОАВга берган қисқа интервьюси видеоси тарқалдики, унга кўзи тушмаганлар кам бўлса керак.

Хуллас, А.Турсунбоев ҳукмдан рози, шу боис юқори судга шикоят қилмайди. Шу баробарида қўйилган айбловга ҳам рози эмасдек: бировларни алдамаганини, алдаш нияти бўлмаганини қайта-қайта таъкидлади (ваҳоланки, унга қўйилган айбловлар орасида «фирибгарлик» алоҳида  тош босмоқда!). Шунингдек, у «одамларни бой қилгани»га такрор-такрор урғу беради (шу одамларнинг пули сабаб ўзи «Аҳмадбой»га айлангани ҳақида чурқ этмайди). Қилган ишини тўғри деб ҳисоблайди. Аммо унинг «тўғри ишлари» амалда жиноят бўлиб чиқди. Шу учун жазо олди. Жазодан эса... норози эмас.

Хуллас, «Аҳмадбой»нинг  бир гапи иккинчисига зид бўлган интервьюсининг мағзи шу. Гап охирида у мамлакат раҳбаридан афв сўрайди, гап йўқ: бу — унинг ҳуқуқи.

Энг эътиборлиси «Аҳмадбой»нинг ўзини тутиши: анча босиқ, руҳан тетик, гаплари дона-дона. Тушкунлик йўқ — келажак мақсадлариям катта. Кўринишиям чаккимас: (ранг кўр — ҳол сўр, дермиди?) уч йилдан бери «ўтирган» одамга ўхшамайди-я...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг