«Аҳмадбой» етказган зарарлар қанча?
«Аҳмадбой» номи билан танилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан навбатдаги суд мажлиси бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Х.Шермухамедов раислигида бўлиб ўтган суд мажлиси, ниҳоят, поёнига етиб, судланувчиларга (улар жами 16 нафар) нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра, А.Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум этилгани айтилмоқда.
Маълумки, Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан ўтган йилнинг 21 февралида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди тегишли ҳукм чиқарган эди. Ҳукмга кўра, у 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганди (шунингдек, унга бир йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиб, энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримага тортилганди). Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия актига асосан, унга қўлланилган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилган, жазо 2016 йилнинг 26 июнидан бошлаб ҳисобланиши белгиланган эди.
Хуллас, бўлиб ўтган суд якунларига кўра «Аҳмадбой» неча йил муддатга «кесилгани» ҳақида аниқ тасаввурлар бор. Бироқ унинг жиноий ҳаракати натижасида давлат ва жамиятга, шунингдек, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига қанча миқдорда зарар еткани, унинг (зарарнинг) қанчаси қоплаган ёки қопланмагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Очиқлаш вақти етгандир балки?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter