Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистонга юборилган «сифатсиз нефт» юзасидан тушунтириш берилди

Афғонистонга юборилган «сифатсиз нефт» юзасидан тушунтириш берилди

Бир муддат олдин Афғонистоннинг Миллий стандарт агентлигига таяниб, 67 та вагондан иборат нефт маҳсулоти сифатсизлиги сабаб Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати ушбу юкнинг «сифатсиз» тамғаси остида қайтарилганини рад этиб қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йил 17 май куни «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва Туркия компанияси ўртасида синтетик дизель компонентини экспортга сотиш бўйича оффтейк шартномаси имзоланган.

24-26 июнь кунлари эса харидор талабномасига асосан, «Uzbekistan GTL» МЧЖ томонидан жами 3,4 минг тонна (67 та вагон) маҳсулот Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Кенгсой» станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширилган.

«Ўзбекнефтгаз»га кўра, сотувчи компаниянинг дизель ёнилғиси учун синтетик компонент EN 15940 Европа стандартига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистонда «O‘zDSt 3134-2017» давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Афғонистонда эса ҳозирча бу стандарт жорий қилинмаган.

«Харидорга топширилган 3,4 минг тонна (67 та вагон) сифатли маҳсулот учун тўлов 100 фоиз амалга оширилган, Афғонистон ҳукумати томонидан «Uzbekistan GTL» МЧЖга сифатсиз маҳсулот сифатида қайтарилмаган. Шартнома шартларига асосан харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб қандай усулда сотишини ўзи белгилайди», – дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, Ўзбекистон томони маҳсулотни экспорт қилиш жараёнида синтетик дизель ва унинг компоненти Афғонистоннинг ANSA (Афғонистон стандарт агентлиги) ташкилотида рўйхатдан ўтмаганлиги ҳақида харидорга ҳам маълум қилган. Харидорнинг эса маҳсулотни компонент сифатида анъанавий дизель билан компаундлаштирилган ҳолда Афғонистон бозорига олиб киришни режалаштиргани маълум.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ, ўз навбатида, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини доимий ва тизимли равишда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлаштириб борилишини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг