Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш 6 баробарга ошган
2023 йилда Афғонистон Ўзбекистон билан 266 миллион долларлик товар айирбошлаш амалга оширган.
Толибон ҳукуматининг Саноат ва савдо вазирлиги матбуот котиби Охундзода Абдул Салам Жаводнинг маълум қилишча, бу борадаги кўрсаткич 2022 йилда 44 миллион долларни ташкил этган.
Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти эса ўтган йили 27 миллион долларга етган.
«Бизнинг Ўзбекистон билан ўзаро савдо алоқаларимиз бор ва у 2023 йилда 27 миллион долларлик экспорт ва 239 миллион долларлик импортни ташкил қилди. Ўзбекистонга экспорт қилинадиган маҳсулотларимизнинг асосий қисмини қуритилган мева, мева шарбати, ўрик, кунжут, гилам ва бошқа маҳсулотлар ташкил этади. Импорт қилинадиган маҳсулотларимиз эса электр энергияси, ун, ловия, кимёвий ўғитлар, нефт ва газ», – дейди Абдул Салам Жавод.
Шунингдек, мамлакат Савдо-саноат палатаси Афғонистоннинг минтақа давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида Ўзбекистон орқали Хитой билан боғланиш режаси амалга оширилаётганини билдирди.
«Биз Россия ва Европа билан боғланишни истаймиз ва бу масалага эътибор қаратишимиз лозим. Палатамиз Хитой билан боғланиш йўллари борасида режа устида ишламоқда», – деди Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Мирвайс Ҳотак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter