Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистон энди террорчилар маконига айланмайди — Исматулла Эргашев

Афғонистон энди террорчилар маконига айланмайди — Исматулла Эргашев

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев «Газета.uz»га берган интервьюсида афғон юрти энди террорчилар маконига айланмаслигини айтиб ўтган. Бунга толибларнинг кўкнори етиштиришни тақиқлаш ҳақидаги қарори сабаб бўлган.

«Толиблар ўз қарори билан халқаро ҳамжамиятга нафақат мамлакатда гиёҳванд моддалар таҳдидига қарши курашиши, балки улар ўз ҳудудида турли йўналишлардаги халқаро террорчиларнинг келгусида мавжуд бўлишига йўл қўймаслиги ҳақида аниқ ва тушунарли сигнал берди. Бошқача қилиб айтганда, гап афғон юрти энди ҳеч қачон хорижий террорчилар паноҳига айланмаслиги ҳақида кетмоқда», деган Эргашев.

Эргашевнинг таъкидлашича, Афғонистон муваққат ҳукумати қарори ҳозирги вақтда ҳануз мамлакат ҳудудида бўлиб турган турли террорчилик гуруҳларини опий сотишдан тушган даромад шаклидаги асосий молиялаштириш манбасидан маҳрум қилади.

Унинг айтишича, бу қарор оддий афғон деҳқонларига кўкнори ўрнига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ўтиш, ички бозорни улар билан тўлдиришга ва афғонларнинг фаровон яшашига имкон яратади.

«Яна бир муҳим тафсилотни таъкидламоқчиман. Афғонлар табиатан тажрибали деҳқонлардир, улар фақат уруш йилларида афюнни фаол етиштира бошлашди, асрлар мобайнида улар мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг барча турларини, шунингдек, гуруч, буғдой, картошка, помидор ва бошқаларни етиштириб келишган. Афғон халқининг бугуни ва кежалагини таҳлил қилишда мана шу тарихий ҳақиқатга алоҳида эътибор қаратиш керак», деган Исмаулла Эргашев.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» раҳбари шу ой бошида далаларда кўкнори етиштиришни тақиқлаб, бунга амал қилмаганлар шариат қонунлари асосида жазоланишини таъминлайдиган ҳужжатни имзолаганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг