«Адолат» партияси Тошкент шаҳар ҳокимига чора кўрилишини талаб қилди
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани таҳмин қилинаётган ОАВ ходимларига нисбатан ҳақоратли таҳдид ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган эди. Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳуқуқ-тартибот органларидан Жаҳонгир Ортиқхўжаевга нисбатан чора кўрилишини сўради. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар тарқатган.
«Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган журналистлар ҳақидаги ҳақоратли сўзлари ва таҳдиди «Адолат» социал-демократик партияси томонидан инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди.
Кейинги уч йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга эътибор ўзгарди. Чунончи, мамлакатда сўз эркинлиги қўллаб-қувватланяпти, соҳанинг чинакам «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилишига эришилмоқда. ОАВни рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни паллада айрим раҳбарларнинг, хусусан, ижро ҳокимияти мутасаддиларининг ушбу касб вакилларига нисбатан бундай муносабати кишини жиддий ўйлантиради.
Нега баъзи мансабдорлар ўз фаолиятида ОАВга суянишнинг ўрнига беписандлик билан ёндашмоқда?
Нима сабабдан аввалги баъзи мутасаддиларнинг «ҳурмача» қилиқларидан пойтахт ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тўғри сабоқ чиқармади?
Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин?
Ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кутиб қоламиз.
Шунингдек, журналист ва блогерларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминланишидаги ҳиссасини ҳамда жамиятимизда адолатни ўрнатишдаги фаоллигини эътироф этган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чора кўрилишини сўраймиз», — дейилади мурожаатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter