9 ойда 31 мингдан ортиқ ўзбекистонлик хорижга ишга юборилган – Миграция агентлиги
Йил бошидан буён иқтисодиёти ривожланган 19 та давлат билан ўтказилган музокаралар натижасида 100 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланиб, улардан 20 мингга яқин бўш иш ўринларига талабномалар олинди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов маълум қилди.
Ҳисобот даврида, Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Германия, Туркия, Руминия, Болгария, Япония, Литва, Латвия, Польша давлатларида жами 31 470 нафар юртдошимиз манзилли ишларга жойлаштирилган.
Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш йўналишида эса, жумладан, 194 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 169 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 9 700 дан ортиғига ҳуқуқий, 12 600 дан ортиғига ижтимоий, 2170 нафарига эса моддий моддий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, 46 нафар фуқаро хорижда вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 459 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган.
Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 840 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.
«Бугунги кунда Германия, Исроил, Финляндия, Туркия, Россия, Латвия, Болгария, Польша, Руминия каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, Буюк Британияда мавсумий қишлоқ ҳўжалиги, қассобчилик, муҳандислик, Японияда тиббиёт, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан, автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш, Литвада юк автомобили ҳайдовчиси, қурилиш соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этиляпти», – дейилади Агентлик вакили ахборотида.
Ўз навбатида, ушбу бўш иш ўринлари бўйича чет тилларини биладиган ва касбий малакага эга бўлган фуқаролар мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter