83 ёшли чироқчилик онахон коронавирусдан тузалди
Пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 6 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Эътиборли жиҳати, соғайганлардан бири чироқчилик , 83 ёшли онахон бўлиб, унинг аҳволи оғир бўлишига қарамай билимли ва юқори малакали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракати ҳамда халқаро стандартлар асосида олиб борилган самарали даволаш муолажалари туфайли буткул соғайди.
Шунингдек, тузалган яна тўрт нафар Тошкент шаҳридан бўлиб, (50, 31 ва 30 ёшли эркак ҳамда 57 ёшли аёл) улардан бир нафари Россиядан чартер рейс билан пойтахтимизга келган, қолган уч нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Яна бир нафар фарғоналик, 35 ёшли бемор ҳам хориждан келган.
Сўнгги текширув натижалари ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 17 нафарга етди.
Ҳозиргина Бухоро вилояти юқумли касалликлари шифохонасидан яна 3 нафар бемор (эркак) соғайганлиги ҳақида ҳам хабар берилди.
Шундай қилиб, айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар бугун, аввалги кунларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда, 38 нафарга етиб, жами 194 нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter