82 йил аввал худди шу куни Қодирийни қамоққа олишган эди — «Ўтган кунлар»нинг давоми
Абдулла Қодирийнинг садоқатли ўғли Ҳабибулла Қодирий анча-мунча қисқартиришлар билан чоп этилган «Отамдан хотира» китобининг (унинг тўлиқ нусхасини ўқиш имкони менда бўлган эди) 348-саҳифасида ғоят рамзий мазмунга эга қуйидаги воқеани тасвирлайди:
– Бугун бир бемаза туш кўрдим, Ҳабибулла…
– Қанақа туш, ада? – дедим секин ва негадир бир нарса сезгандай сесканиб қўйдим.
– Тун эмиш, – дедилар дадам, – осмонда тилла жабдуқли от устида учиб борар эмишман. Кўкда юлдузлар чарақлар, от жабдуқига ўрнатилган жавоҳир тошлар жилоланар эмиш… Пастда эса ҳамма қўл силкиб мени олқишлар эмиш. Шу вақт бирдан ҳаво айниди, ҳалиги соф осмон зулматга айланди. Оёқ остим гўё тубсиз жаҳаннам, унда мудҳиш махлуқлар ғужғон ўйнар, оғизларини очиб, узун тилларини чиқариб, гўё менга ташланмоқчидай бўлар, баъзилари оғизларидан худди мушак отилган каби ўт сочар, мен бўлсам, зўр бериб отни қамчилар эмишман. Лекин у энди қанот ёйиб уча олмас, чунки ўтлар ҳарорати уни куйдира бошлаган эмиш… Ниҳоят, от «шу-увв» этиб жаҳаннамга тик шўнғиб кетди… Чўчиб уйғондим, терлаб кетибман…»
Бир миллатгина эмас, бутун инсоният тақдири хусусида ўйга ботувчи катта истеъдодларнинг кўпчилигида ўз қисматини ҳам олдиндан сезиш, ҳис этиш қобилияти бўлиши – бор гап. Машраб ўз ғазалларида, Пушкин «Евгений Онегин»ида, Жек Лондон «Мартин Иден»ида, Шавкат Раҳмон қатор шеърларида… ўзларининг ҳалокатларидан дарак беришгандек. «Отамдан хотира»да ёзилишича, Қодирийнинг ҳам аксарият туши ўнг келган. Унинг ҳозирча бизга маълум энг сўнгги туши ҳам, афсуски, ўнгидан келади: шу тушдан икки кун кейин – 1937 йилнинг 31 декабр куни кеч соат 11 ларда Абдулла Қодирийни уйидан олиб чиқиб кетадилар…
Бу масалада, хоҳлаймизми-йўқми, бизга ёқадими-йўқми, бир аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз, ўтган воқеа-ҳодисалар мантиқига айни ўзгармас ҳақиқатдан келиб чиқиб ёндашмоғимиз талаб этилади. Бу ҳақиқат эса шундан иборатки, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат сингари, миллатини ҳам худди ўзидек уйғоқ ва эркпарвар бўлмоғини истаган шахслар ҳалокатида аччиқ бир ҳаётий мантиқ, қонуният бор. Яъни, уларнинг маҳв этилиши недир тасодиф, айрим ғаламислар томонидан уюштирилган фитна бўлмасдан, балки уларни ўраб олган тузумнинг, мафкуранинг табиий, кутиладиган ҳосиласидир. Бошқача қилиб айтганда, айни ҳолатда масала кўндалангига қўйилганди: ё ўша тузум яшаши керак эди ёки озод инсонлар. Уларнинг бир вақтнинг ўзида узоқ мавжуд бўлиши, ёнма-ён яшаши, бир-бирларига тоқат қилмоқлари асло мумкин бўлмаган ҳол эди. Тузумга, унинг сиёсатига, равишига кўнган, у билан келишган ёхуд келиштирилган кишилар омонлик топдилар, айримлари – умрлари узоқ бўлсин – ҳали ҳамон ҳаётлар.
Абдулла Қодирийнинг аксарият асарларида, «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»ида мана ман деб турган миллатпарварлик, эркпарварлик, адолат ва ҳақиқатталаблик кайфиятига шўро ҳукуматининг тек чидаб туриши – кўлмак сув ичида олов барқ уриб ёниб туришидек мантиқсиз, хаёлий бир иш бўлур эди. Ахир оловнинг ўзи – Абдулла Қодирий ўзи яшаётган тузум қилмишларига тек қараб турмади, унинг мақсад-моҳиятини, халқи бошида ўтказаётган манфур сиёсатини ҳар қадамда – ҳар бир ёзган нарсасида очиқ айтишдан тоймади. Шундай экан, «кўлмак» ўз ишини – кирдикорини амалга оширди…
Бу ўринда, масалан, «Ўткан кунлар» қатларидан сизиб чиқувчи буюк дарднинг салмоғини бир ёққа қўйиб, унинг сўнгги саҳифасига «ёзғучи» қалами ила битилган, бор-йўғи учта гапга жо бўлган бениҳоя аччиқ ҳақиқатни эсламоқ, бугун ҳеч қурса шуни қалбдан ҳис қилмоқ кифоядир. Мана ўша учта гап:
«Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисини суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғилларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ном-у нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар».
Мана шу, гўё номига, асар қаҳрамонларининг кейинги тақдиридан ўқувчини шунчаки хабардор қилиб қўйиш учун битилгандек лавҳада акс этган фожиа ҳам камида яна бир «Ўткан кунлар»дек романга асос – материал бўлиши аниқ. Бу даъвони мақола ҳажми имкон берадиган даражада исботлашга ҳаракат қиламиз.
Лавҳадан маълум бўладики, роман қаҳрамонлари, уларнинг кечмиш-кечирмишлари аксарият реал ҳаётдан олинган бўлиб, асарда бадиий тўқимадан меъёрида, керагича фойдаланилган.Энди ана ўша реал инсонлардан бири Ёдгорбек қисматига диққат қилайлик.
Хўш, Ёдгорбек ким?
Юсуфбек ҳожи ва Мирзакарим қутидорнинг набираси, Отабек ва Кумушбибининг ўғли. Эслаб кўрайлик: бутун роман давомида, хоҳ Юсуфбек ҳожининг, хоҳ қутидорнинг хонадонида, бирор мисқол моддий етишмовчилик ҳақида («гўшт тугаб қопти», «уннинг таги кўриниб қопти» қабилидаги) гап бўладими? Бўлмайди, мутлақо бўлмайди!
Энди, шўролар замонига келиб, мана шу хонадоннинг аъзоси, бекнинг боласи «ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот» қилмоқда, демакки, очликдан ўлмоқда! Шундай экан, оддий камбағал чоракорнинг, деҳқон ва ҳунарманднинг ўзи-ю боласи тўғрисида айтмай қўя қолайлик.
Нега? Нима учун Марғилонда, Фарғона водийсида одамлар очликдан, муҳтожликдан ўлмоқда?
Чунки 1918 йилнинг феврал ойи охирида Тошкентдан Қўқонга – Туркистон мухториятини маҳв этишга юборилган ваҳший қўшин водийда оммавий қатли ом уюштириб, бир ҳафта–ўн кун ичида қарийб ўн минг кишининг ёстиғини қуритади, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг бутун тизимини ер билан яксон қилади. Водийда даҳшатли очлик бошланади.
Фақат водийда эмас, балки бутун Туркистон ўлкасида жорий қилинган «пролетариат диктатураси» натижасида 1918 – 1920 йилларда юртимиз аҳолиси 1 273 000 кишига камайиб кетади. (Бу ҳақда Туркистон МИҚнинг нашри «Известия» газетасининг 1921 йил 2 – 20 декабр сонларида босилган А.Крутиковнинг «Туркистон (иқтисодий очерк)» номли мақоласини ўқиб билиш мумкин.) Бу аҳоли ёппасига қаёққадир четга чиқиб кетмаган, чунки айни йилларда биродаркушлик уруши муносабати билан бутун Туркистон ҳудуди қамал ҳолатида эди. Энг ишончли йўллар орқали уни ёриб, ташқи дунёга чиқмоқчи, юртидаги аянчли аҳвол тўғрисида жаҳон афкор оммасига хабар бермоқчи бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг дўстлари тақдири нима бўлгани эса яхши маълум…
А.Қодирий Ёдгорбекнинг очликдан ўлганини айтиш билан чекланмайди, даҳшатли ҳақиқатнинг кўламини бор-будича ошкор этади: «ундан икки ўғул қолибдир. Ўғилларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан».
Юқорида бир қисми айтилган хунрезликларга чидамаган халқ ўз озодлиги, ҳурлиги, истиқлоли умидида босқинчи шўровийларга қарши курашга отланади. Совет тарғиботчилари томонидан «босмачилик» деб номланган, аслида эса миллий истиқлолчилик ҳаракати бутун ўлкани қамраб олади. Ёдгорбекдан қолган икки ўғил мана шу курашнинг икки жабҳасида, бир-бирини йўқ қилиш тадоригига тушган! Улар саводсиз чоракорнинг, деҳқон ёхуд ҳунарманднинг зурриёдлари эмас, Ёдгорбекдан тўраган болалар, Отабекнинг неваралари, Юсуфбек ҳожининг эваралари!
Юсуфбек ҳожи миллатини бирликка чорлаган, юртни ғаним босиши хавфидан, «боболарнинг муқаддас гавдаси» дафн қилинган покиза она тупроғи тўнғизхонага айланишидан халқини огоҳ этган, Отабек эса мана шу йўлда мардларча урушиб шаҳид кетган бўлса, уларнинг зурриёдлари – ака ва ука ўша ғанимлар қутқусига учиб, оталари васиятининг нақд тескарисини қилиш билан оввора. Улардан бири – ё ака ёхуд ука «Марғилоннинг масъул ишчиларидан», демак, ГПУнинг ходими, иккинчиси эса «босмачи» номини олган. Ёзувчи у ҳақдаги ҳикояни «бу кунда ном-у нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар» шаклида якунлар экан, шу охирги гапи билан ҳам шўро ҳукумати миллий истиқлол йўлида курашувчиларни ном-нишонсиз йўқ қилиб юборишдек ёвуз ҳаракатни бошлаганига ишора қилади…
Энди айтинг: бу ёзувчига, бу элпарварга бояги ҳукумат омонлик бериши мумкинми эди?
Раҳмон Қўчқор, адабиётшунос
«Hurriyat» газетаси
Манба: azon.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter