Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Адабий Лайлатул қадр кечаси» – Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигига бағишланади

«Адабий Лайлатул қадр кечаси» – Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигига бағишланади

«Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...»

Абдулла Қодирий

Жорий йилнинг 7 апрелида Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигига бағишланган «Адабий Лайлатул қадр кечаси»да иштирок этар эканман, юрагимни бир нарса эзаверди, эзаверди. Абдулла Қодирий ҳақида гапирганимизда «бобомиз» дея фаҳрланиб қўямиз. Унинг ҳайкали олдида суратга тушар эканман, «мана 60 ёшга ҳам кирдим, аммо миллат ва ватан йўлида 44 ёшида ҳалок бўлган Абдула Қодирий каби шу юрт учун бирор нарсани қойилатиб қўйдимми?» деган саволни ўзимга бердим. Беихтиёр Абдулла Қодирийнинг «Аҳволимиз» шеъридаги қуйидаги сатрлар ёдга келди:    

Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни пулға сотамиз.
Ўғлимизға на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На худони буйруғи бўлган илм ўрготамиз.
Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,
Биз ани даҳрий санаб, тўфангча бирла отамиз.

Мен, Абдулла Қодирийни «Ўткан кунлар» киноси орқали таниганман. Катталарнинг ўзаро суҳбатларида Абдулла Қодирий улуғ инсон бўлгани ҳақида кўп эшитардик. Шу суҳбатларда Қодирий бобомизнинг боғи, боғдаги шийпон (болохона) ҳақида ҳам гапириларди. Шийпон деганда, беихтиёр онамнинг амакиси Абдужамил тоғам ва отамнинг амакиси Турғун додамнинг уйларидаги кичикроқ шийпонча кўз олдимга келарди.

Менимча, тўртинчи ё бешинчи  синфда ўқир эдим, қўлимга «Ёшлик» альманахи (кейинчалик альманах негизида «Ёшлик» журнали чиқа бошлади) тушиб қолди. Альманахдан ўрин олган  шеър ва ҳикоялар қаторида, Абдулла Қодирийнинг 1916 йилда ёзилган «Улоқда» ҳикояси ҳам бор эди. Мустақил равишда ўқиган илк ҳикояларимдан бири айнан «Улоқда» эди. Бу асар ўзбек реалистик ҳикоясининг энг яхши намуналаридан бири ҳисобланади.

Кейинчалик мактаб дарсликлари орқали Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар ва Раънолар билан танишдим. Мактабни битириб Тошкентга келдим. Ана ўшанда «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»ни тўла ўқиш бахтига муяссар бўлдим.

«Обид кетмон» ҳақида «бу буюртма асар эди», деган гапларни эшитамиз. Дарҳақиқат шундай – коллективлаштириш ҳақида ёзилган буюртма асар. Аммо ўша даврни акс эттирган зўр асар. Мустақилликдан аввал бу асар ўқилса қизиқ бўлмаслиги мумкин эди. Агар ҳозир ўқилса, беихтиёр ўтган асрнинг 30-йиллари кўз олдингизга келади.  

Шахсан мен, «Обид кетмон»ни ўқиб чиқар эканман, отамнинг отаси Тўлаган бувам ва онамнинг отаси Абдурасул бувам кўз олдимга келарди. Кексаларнинг айтишларича, ҳар икки бувам бир умр ҳалол ишлаб ўтишган. Ҳар иккиси ҳам замоннинг зайли билан колхозга киришган. Аммо, замона зайли билан ўзларининг қўл остида бўлган батраклар  колхоз раиси, бригадир, звеновой, ўзлари эса колхозчи бўлиб қолганлари туфайли қишлоқни тарк этиб Тошкентга кетиб қолишган. Шу сабабли ҳам «Обид кетмон»ни ҳар икки бувам акс этган асар сифатида кўраман. «Обид кетмон»да адиб ўзини тасвирлагани эътиборга олинса, Абдулла Қодирийни бобом дейишга тўла ҳақлиман, деб ўйлайман.  

Бобомизнинг набиралари Шеркон ва Хондамир Қодирийлар билан битта улфатдамиз. Тез-тез учрашиб турамиз. Уларнинг таклифи билан Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллигига бағишланган «Адабий Лайлатул қадр кечаси»да иштирок этдим.  Адабий кеча ажойиб ўтди. Тадбирни уюштиришда Абдулла Қодирий ижод мактабининг раҳбари Ҳилола Назирова кўп меҳнат қилгани кўриниб турибди. Унга алоҳида раҳмат. 

Тадбир аввалида ўнта жамоа иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Мен «Кучли журналистлар» жамоаси таркибида қатнашдим. Кишини ўйлантирадиган, тафаккурга чорлайдиган ажойиб саволлар бўлди. Ҳеч ким зерикмади. Меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам тадбирдан рози бўлиб кетишди. Ора-орада Абдулла Қодирий ижод мактабининг ўқувчилари саҳна кўринишлари ижро этишди. Ижод мактабида таълим олаётган йигит ва қизларга, уларнинг ота-оналарига, устозларига минг марта раҳмат.

«Заковат» интеллектуал ўйинидан сўнг Абдулла Қодирий яшаб ижод этган даврга оид, жумладан, унинг ўзи, яқинлари, ёру дўстлари фойдаланган беназир ашёлар, нодир буюмлар,шунингдек, адиб хотирасига бағишлаб ишланган санъат асарлари, ёш ҳаваскорларнинг юксак баҳоланган ижод намуналарининг кимошди савдоси бўлиб ўтди.

Шу ўринда бироз чекиниш. Аукцион ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон берилганидан кейин кўпчилик эътироз ҳам билдиришди. «Бу нарсаларни кимошди савдосига қўйишдан не наф? Тирик тарихимизни сотамизми? Руҳлар чирқирамайдими?», «Шахсан фойдаланган буюмларни кимошдига қўйиш нечоғлиқ тўғри? Уй музейида сақлангани яхши эмасми?», «Ўзи Абдулла Қодирийдан музейга арзигулик саноқли буюмлар қолган-ку! Шуларни ҳам сотиб юборилса, кейин музейда нима қолади?» деган саволлар ўртага чиқди.

Ҳақиқатан ҳам, Қодирий экспонатлари, портрет, асарлари аукциони ўтказилди. 1934 йилда Қозон шаҳрида нашр этилган «Тўла русча- ўзбекча луғат»и, «Ўткан кунлар» романининг 1926 йилда араб алифбосида Самарқандда чоп этилган нашри, Қодирий уй-музейидаги айрим буюмлар аукционда юқори нархларда сотиб олинди.

Агар юқорида эътирозли савол берувчилар тадбирда иштирок этганларида борми, кўзларига ёш олишлари аниқ эди. Бу ёшлар албатта қувонч ёшлари бўларди. Чунки сотиб олинган экспонатларнинг айримлари (деярли 90 фоизи) яна уй музейига қайта топширилди.

Кун қаҳрамони сўзсиз Аброр Зоҳидов бўлди. Дўстимиз энг катта харидларни қилди ва яна музейга қайтариб берди.

Тўғри, тадбирда асосан Абдулла Қодирий уй музейини моддий эмас, балки маънавий қўллаб-қувватлашгагина қурби етадиган ижодкорлар, зиёлилар, талабалар, ўқувчилар иштирок этди. Улар ёрдам бергиси келади-ю, лекин имкони камлигидан ҳижолат чекаётганликлари кўзларидан билиниб турди. Тадбирда бойлар, пулдорлар кўринмагандек туюлди, менга.

Фикрим аввалида «Аҳволимиз» шеъридаги сатрларни келтирган эдим. Ўша шеърдаги қуйидаги сатрларни ёзиб фикримни якунлайман:

Келингиз ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганларни агар қодир эсак уйғотамиз.

Ҳа, ухлаганларни уйғотишга қодир эканмиз, фурсатни бой бермайлик.

 Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг