8 йилга қамалган “Avto oltmish oy” асосчиси қамоқда 3 йил ҳам ўтирмагани маълум бўлди
“Avto oltmish oy” МЧЖ мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, 18 мингдан ортиқ мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғиб олиб, эвазига атиги 130 та машина сотиб олиш учун «Qibray avto moto servise» МЧЖга билан шартнома тузгани аниқланган. Тергов ҳаракатлари давомида жами етказилган модий зарар 47,7 млрд. сўм эканлиги аниқланиб, шундан 36,8 млрд. сўм ундирилган. 10,9 млрд сўм миқдоридаги зарар эса ундирилмасдан қолган.
2021 йилда Жамшид Баҳодиров суд томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а», «б» бандлари, 188-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) 2-қисми «б», «в» бандлари ва 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 8 йилга қамалганди. Шунингдек, суд Баҳодировнинг 4 нафар жиноий шерикларини ҳам жавобгарликка тортганди.
Kun.uz Жамшид Баҳодиров айни пайда озодликда экани ҳақида ёзди. Фуқароларни 53 миллиардга “тушириб”, 8 йилга қамалган фирибгар 3 йилга қолмай очиққа чиққан. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов нашрга берган изоҳида “Avto oltmish oy” асосчиси ЖИБ Нишон туман судининг ажрими билан 2021 йил ноябрь ойида умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказилган.
Таъкидланишича, манзил колонияда 8 ой давомида “ўзини яхши тутгани ва тузалиш йўлига ўтгани учун” Баҳодиров ижобий тавсифнома олган ҳамда ЖИБ Бўка туман судининг ажрими билан унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 5 йил 3 ой 24 кун муддати шу муддатга иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Kun.uz’нинг аниқлашича, очиқда ишлаб ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган Жамшид Баҳодиров янги “бизнес” бошлаган. У фуқароларга “арзон ва қулай шартларда автомобил ҳамда квартиралар олиб бериш хизмат”ларини таклиф қилиб, юзлаб одамлар билан шартнома тузишда иштирок этган. Яна юзлаб одамлар унинг навбатдаги фирибгарлик схемаси қурбонига айлангани айтилмоқда.
Бу сафарги алдов Instagram саҳифасида Xumo vines номи билан танилган вайнер шахсидан фойдаланиб амалга оширилган. Осон шартларда машина ва квартира олиб бериш ваъдаси билан «Media plus 24» МЧЖ ҳамда «Х-vines» МЧЖ фуқаролар билан шартнома имзолаган. Юзлаб фуқаролардан бошланғич тўловлар қабул қилиб олинган. Бугунги кунда фирма офиси ёпилган. ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, бир нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари терговдан яширинган.
Жабрланувчиларнинг кўпчилиги Xumo vines номи билан танилган вайнер Ҳумоюн Маҳамаджоновнинг Instagram саҳифаларидаги уй-жой ва автомобил олиб бериш ҳақидаги рекламаларини кўриб офисга келганини, шартнома тузиб бошланғич тўловларни тўлаганини билдирган. Вайнер эса Инстаграмдаги видеомурожатида фирибгарликка алоқаси йўқлиги, «Media plus 24» МЧЖ ҳамда «Х-vines» МЧЖ раҳбарияти унга реклама ва компания қиёфаси бўлиш таклифи билан чиққани, кўрсатилган реклама хизмати учун маълум ҳақ эвазига улар билан ҳамкорлик қилганини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter