7 ойда келган хат ёки Сирдарё ва Самарқанд орасидаги масофа шунчалик узоқми?
Почта хизмати ҳам узоқ тарихига эга. Бир пайтлар бу хизматни алоқачи кабутарлар, элчилар, савдо карвонлари бажарган бўлса, замонамизга келиб, алоҳида хизмат турлари жорий қилинган. Почта етказиш муддатлари кескин қисқарган, хизмат нархлари бир неча ўн баробарга арзонлашган.
Мамлакатимизда «Ўзбекистон почтаси» АЖ маҳаллий ва халқаро жўнатмаларни тез муддатларда фойдаланувчиларга етказиш учун кенг имкониятларга эга.
Лекин, баъзида бўлсин, жўнатмаларнинг ўз вақтида манзилига етиб бормаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмасига ҳам бу борада фуқаролар ҳақли эътироз ва шикоятлари билан мурожаат қилмоқда.
Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтирсак: 2018 йил 23 март куни Самарқанд вилояти, Иштихон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.А ўз номига Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги Сардоба алоқа бўлимидан 2017 йилнинг 15 август куни юборилган RA128684767UZ рақамли буюртмали хат етиб келмаганлиги тўғрисида инспекциянинг 1144 рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат қилди.
Фуқаро мурожаатини ўрганиш жараёнида, унинг номига Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги Сардоба алоқа бўлимидан 2017 йилнинг 15 август куни юборилган буюртмали хат 2017 йилнинг 22 август куни «Ўзбекистон почтаси» АЖ Самарқанд туманлараро почта алоқаси боғламасининг саралаш ва етказиш участкасига келиб тушгани, бироқ Иштихон туманлараро почта алоқаси боғламаси мансабдор шахслари ва масъул ходимларининг ўз ишига совуққонлик билан қараганлиги туфайли ушбу хат эгасига етказилмагани аниқланди. 2018 йилнинг 26 март куни инспекциянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси ходимлари томонидан мурожаат ўрганилиб, 7 ой 11 кун кечиккан почта эгасига топширилди.
Ваҳоланки фуқаро Ф.А. кутаётган ушбу хатда унга зарур бўлган ҳужжатлар юборилган бўлиб, хатни сўроқлаб бир неча маротаба Иштихон туманлараро почта алоқаси боғламасининг масъул ва мансабдор шахсларига мурожаат қилган ва ушбу хат Иштихон туманлараро почта алоқаси боғламасида асоссиз равишда сақланган.
Бу ҳолат омонатни ўз эгасига топширмаган, устига-устак фуқарони овораи сарсон қилган Иштихон туманлараро почта алоқаси боғламаси ходимларининг ўз ишига бўлган муносабатидан бошқа нимани англатади?
Ушбу мақолани ёзишдан мақсадимиз бировнинг айбини топиб,оммага достон қилиш эмас, балки йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариш, бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олишдир.
Умид қиламизки, Иштихон туманлараро почта алоқаси боғламаси ходимлари бундан тўғри хулоса чиқариб, фойдаланувчиларнинг почта алоқасига бўлган ишончларини йўқотмаслик учун ўз ишига масъулият билан ёндашади.
Маълумот учун айтганда, инспекциянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмасига жорий йилнинг биринчи чораги давомида 362та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 26таси почта алоқаси хизматларига тегишли бўлган.
К.Раҳматов, инспекциянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter