«60 евролик жарима, ҳақиқий тадбиркор қандай бўлиши ва немислар ҳақида» – DAAD дастури стипендияси ғолиби билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши Темур Умаров. Қаҳрамонимиз 2018 йили Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети бакалавр босқичини тамомлаган.
Ҳозирда Германиянинг нуфузли DAAD дастури стипендияси ғолиби сифатида магистратура босқичида таҳсил олмоқда.
«Эҳтиёжлар чексиз, ресурсларнинг эса чегараси борлигини тушунишимиз керак...»
Ҳаётдаги кўплаб қарорлар болаликдаги орзулардан келиб чиқади. Онам 30 йилдан бери тиббиёт йўналиши талабаларига иқтисодий назария асосларидан дарс беради. Болалигимда мен ҳазиллашиб нима учун шифокорлар иқтисодни ўрганиши керак, агар уларнинг вазифаси бизни даволаш бўлса деб сўрардим. Онам айтардилар: «ҳар қандай ўзини ҳурмат қиладиган инсон, одамларнинг истаклари ва эҳтиёжлари чексиз, ресурсларнинг эса чегараси борлигини тушуниши керак».
Ҳар бир саводли одам бозорда талаб ва таклиф асосларини, ялпи ички маҳсулот нима эканлигини, самарадорликни билиши лозим. Вақт ўтиши билан мен ушбу мавзу ҳақида ҳазиллашишни тўхтатдим.
Мен иқтисод ва молия соҳасини танладим. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида грант асосида ўқиш бахтига муяссар бўлдим. IELTS 7.5 чиққан, математика ва мантиқ эса 88 фоиз. Ушбу университетда ақлий ва илмий жиҳатдан анча ўсдим. Ўқиш жуда қийин, аммо ниҳоятда қизиқарли эди. Магистратурадаги йўналишимни бошқарув ва тадбиркорликка ўзгартирдим, аммо кўплаб иқтисодий тамойиллар менинг кундалик фаолиятимда акс этади. Менинг кўп кучим, бошқалар сингари, қарор қабул қилишга сарф қилинади. Чунки вақт ва энергия чекланган, сиз нима қилиш мумкинлигини ва нима қилишни хоҳласангиз, минглаб вариантлар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, ҳаётий имкониятлар жуда кўп. Ҳамма нарса инсоннинг устуворликлари ва қадриятларига боғлиқ.
Қарорлар қабул қилаётиб, имкониятнинг нархини таҳлил қиламан, яъни бунинг ўрнига яна нима қилишим мумкин эди... Бундан ташқари, хатарларни таҳлил қиламан: масалан, у ёки бу ечим максимал зарарни келтириб чиқариши меъёрини ёки минимал ютуқ қанчага тенг бўлишини. «Utility» тушунчасини ҳисобга оламан: содда қилиб айтганда, маълум бир қарорга олиб келадиган завқ ёки қувонч даражаси. Буларнинг барчаси иқтисодиёт билан боғлиқ.
«Тиббий суғурта, саёҳат ва виза харажатларини қоплайди...»
Менинг икки нафар опам бор. Улардан бири Буюк Британияда, иккинчиси АҚШда грант асосида ўқиган. Мен уларнинг йўлини такрорлашни хоҳламайман деб ўйлардим ва бошқа давлатни излаш нияти билан юрар эдим. Тилга келсак, менинг танишларим хитой, француз ва немис тилларини ўрганишган. Мен эса, Германияда таълим бепул эканлигини билиб, 2016 йили немис тилини ўрганишга ва дастурлар билан танишишга қарор қилдим. Тез орада DААD стипендияси ҳақида билдим. Дастур ҳар ой стипендия беради, шунингдек тиббий суғурта, саёҳат ва виза харажатларини қоплайди.
2016 йилдан бошлаб Германияга боришни ният қилган бўлсам-да, 2018 йили грант ололмаганман. 2019 йилда иккинчи уриниш муваффақиятли бўлган.
«Ўзимда баъзи ўзгаришларни сезяпман...»
Германияда 1,5 йил яшаб, ўзимда баъзи ўзгаришларни сезяпман. Масалан, доимий эҳтиёж туғдирмайдиган буюмлардан воз кеча бошладим. Кўпроқ жисмоний ҳаракат қилиб, паркларда сайр қилиш кундалик одатга айланмоқда. Чунки бу мамлакатда инсонлар эрталаб ва ишдан кейин югуришади, велосипедда юришади.
Биргина рюкзак билан саёҳат қилишга ўргандим. Кечки овқатга, қўшниларга ўхшаб, меваларни ва салатларни истеъмол қиламан. Натижада, озгина озиб, енгил бўлиб қолдим. Озроқ гўшт, кўпроқ балиқ. Хонадан чиққанимда, чироқни ўчириш одат бўлиб қолди, чиқиндини яхшилаб саралайман. Ширинликлар ўрнига, табиий пиширилган маҳсулотларни қадрлаяпман. Мазали палов дамлашни ўргандим. Ўзбекистонда овқат одатда уйда тайёр бўларди, шу боисдан бунинг қадрига тўлалича етмас эдим.
Чиройли бўлса-да, маҳаллий кўча санъатини ҳали тушуниб етганим йўқ.
Немислар – муҳандислар. Уларнинг машиналари, архитектураси, маиший техника, дўконларига ҳавас қиламан. Сабаби улар ҳар қандай муаммо учун муҳандислик ечимини таклиф қилишади.
Шунингдек немис таомлари анъаналарга бой эмас, аммо пишлоқлари мазали. Яна бу ерда кийимларни онлайн сотиб олсангиз, уйга етказиб берилади. Йоқмаса, почта орқали текинга қайтариш мумкин.
Бошида метрополитенда чипта сотиб олмасдан юрган эдим. Кейин нақд 60 евро миқдорида жарима тўлаб, унумли дарс олдим. Доимий равишда тангаларни ўзим билан бирга олиб юраман. Деярли кечикишни тўхтатдим. Пул сарфлашга кўпроқ эътибор бера бошладим. Фақат керак бўлган буюмларнигина сотиб оляпман.
Немислар – камтарин халқ. Уларга сабзавот боғи, велосипедда ёки Ҳатико билан сайр қилиш маъқул. Ҳашаматли ва олтин тишлар уларни ҳайратга солмайди. Хоҳлайсизми-йўқми, бу ерда сиз маданиятлироқ бўлишингиз керак. Светофорнинг қизил чироғи ёнган пайти юриш мумкин эмас, ҳеч ким ундай қилмайди ҳам.
Умуман олганда, Германия кўп дарс берди. Бу мамлакат ўзининг менталитети билан ўз ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўлига ўзгартирмоқда.
«Ҳақиқий тадбиркорда пул ишлаш мақсади йўқ...»
Хорижда магистратура бўйича таҳсил олиш, фикрлашни тизимлаштиришга ёрдам беради, деб ўйлайман. Биз болаликдан жуда кўп билим ва тажрибаларни тўплаймиз, аммо ҳамма нарса мияда тарқоқ. Магистратура барча билим ва тажрибаларни жавонларда тартиблаштиради.
Германияда ўтказган вақтим менга ҳаётимдаги устуворликларни аниқлаштиришга, нимани хоҳлаётганимни ва истамаслигимни, ўзимдан кейин қандай из қолдиришимни, кучли ва заиф томонларимни тушунишга ёрдам берди.
Мен ҳозир тадбиркорлик ва менежмент йўналишида ўқийман. Айни пайтда биз бутун дунёда тадбиркорлик ривожланаётганини кузатишимиз мумкин. Илон Маск, Стив Жобс ва Ҳенри Форднинг ҳикоялари барчани қизиқтиради. Нима учун? Ўйлашимча, чунки бу тоифадаги одамлар дунёни ўзгартирмоқда.
Атрофда самарасиз фойдаланилаётган кўплаб ресурслар мавжуд. Тадбиркорлар ушбу ресурсларни самарадорлиги паст бўлган жойлардан ушбу ресурслар самаралироқ бўлган жойга ўтказишга қодир. Инновациялар пайдо бўлиши ва амалга оширилишига айнан улар ҳисса қўшади.
Гап дарахтлар кесадиган, пул ишлаш учун уйлар қурадиган ишбилармонлар ҳақида эмас. Биз паст сифатли товарлар ёки хизматлар яратадиган ва имтиёзлар орқали бозорга зарар етказадиганлар ҳақида гапирмаяпмиз.
Ҳақиқий тадбиркорда пул ишлаш мақсади йўқ. У каттароқ фикрлайди. Яъни, у муаммони ҳал қилмоқчи ёки одамлар учун янги имкониятлар яратмоқчи. Мамлакатимиз минтақавий, глобал маҳсулотлар ва хизматларни яратишга қодир бўлган ижодий фикрловчи тадбиркорлар ҳамда ташаббускор мутахассисларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Айнан шу одамлар мутахассисларни, мақсад ва келажакни дизайн орқали бирлаштирадилар, улар бошқа инсонларни шахсий ривожланиш учун илҳомлантиради, айнан улар тарих қолдиради.
«Кўп вақт ва кучни қандайдир стандартларга жавоб бериш учун сарфладик...»
Ўзбекистонда тадбиркорлик таълими соҳасида баъзи муаммолар мавжуд. Бизда мактабда тўғридан-тўғри ёки билвосита тадбиркорлик билан боғлиқ фанлар бўлмаган. Масалан, омма олдида нутқ сўзлаш, маркетинг, сотиш санъати, қиймат яратиш, ижодкорлик, маҳсулот ёки хизматларни яратиш бўйича дизайн ишлари, фикрлаш, мунозара, дебатлар.
Ҳар бир талабанинг кучли ва кучсиз томонларини излаш ва ўқувчиларга нималарни ўрганишни танлашларига рухсат бериш ўрнига, биз кўп вақт ва кучни қандайдир стандартларга жавоб бериш учун сарфладик. Шу боисдан бўлса, керак мактабдан кейин аксарият ўқувчилар бундан кейин нима қилишни билмайдилар. Шунинг учун, стандартлар бўйича ўқитиш ўрнига, мактабларда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган нарсаларини танлаб оладиган ва оз сонли предметларга эътиборни қаратадиган эркин муҳит яратилиши лозим. Шунингдек, мен кўникмаларни ривожлантиришни таклиф қиламан.
Маълумотларига кўра, 2025 йилда энг талаб қилинадиган кўникмалар таҳлилий ва танқидий фикрлаш, фаол тинглаш, муаммоларни ҳал қилиш, ижодкорлик ва ташаббускорлик, етакчилик ва таъсирчанлик, технологиялардан фойдаланиш, технологияларни лойиҳалаш ва дастурлаш, замонга мослашувчанлик ва стрессга бардошлик, ғояларни яратиш ва аргументация.
«Хусусий секторда ишлашни режалаштирганман...»
Йил охирига қадар Ўзбекистонга қайтиб, хусусий секторда ишлашни режалаштирганман. Ҳозирча аниқ қаерда ишлашимни ҳал қилмадим, лекин менга қизиқ туюладиган бир нечта вариант бор. Мени IT ва чакана савдо соҳаси, логистика ва молия соҳалари жалб қилади, чунки улар фаол ривожланмоқда.
Узоқ вақт давомида мен ўзимни тадбиркорликда ёки минглаб одамларнинг ҳаётини яхшилайдиган йирик лойиҳаларни бошқаришда кўраман. Бу узоқ муддатли мақсад бўлиб, у ҳозирча фақат шаклга эга. Аммо унга қандай етиб боришни аниқ билмайман. Мен жуда кўп режалар қилмасликни ва импровизация учун жой қолдиришни афзал кўраман.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter